Ядровий уруш, Навальний ва Украина. Байден ва Путиннинг Женевадаги учрашуви якунлари (ВИДЕО)

Жо Байден ва Владимир Путин-Женева, 16 июнь, 2021

Чоршанба куни Женевада АҚШ ва Россия президентлари Жо Байден ва Владимир Путиннинг учрашуви бўлиб ўтди. Бу икки давлат раҳбарларининг айни мақомдаги биринчи учрашувидир.

Учрашув Вашингтон ва Москва муносабатлари совуқ уруш тугаганидан буён энг қуйи даражага тушиб кетган вақтга тўғри келди.

Женеванинг тарихий Ла Гранж вилласидаги учрашув кутилганидан камроқ, 4 соатга яқин давом этган.

Музокаралар якуни бўйича АҚШ ва Россия президентлари стратегик барқарорликка доир қўшма баёнот эълон қилди.

"Биз ядровий урушда ғолиблар бўлмаслиги ва унга ҳеч қачон йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақидаги тамойилга содиқлигимизни тасдиқлаймиз. Ушбу мақсадда Россия ва АҚШ яқин келажакда стратегик барқарорликка доир икки томонлама комплекс мулоқотни йўлга қўяди", дейилади баёнотда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Женевада Байден ва Путин учрашуви бошланди

Музокаралар якунида кутилганидек, қўшма матбуот анжумани ўтказилгани йўқ. Биринчи бўлиб президент Путин матбуот анжумани берди. У учрашув конструктив ва душманона кайфиятдан узоқ ўтганини таъкидлади.

Путиннинг айтишича, томонлар жумладан, яқин орада Москвага АҚШнинг ҳамда Вашингтонга рус элчисини қайтаришга келишган. Унинг сўзларига кўра, саммит чоғида Украина масаласи ҳам муҳокама қилинган ва Минск битимига қайтишга келишилган.

CNN мухбирининг саволига жавобан Путин Америка президенти Навальний масаласини кўтарганини тасдиқлади, аммо тафсилотларга тўхталмади ва ҳар доимгидек Навальний номини тилга олгани йўқ .

Путиннинг айтишича, томонлар киберҳужумлар ва киберхавфсизлик бўйича консультацияларни бошлашга ҳам келишган.

Президент Байден ўзига нисбатан ишонишини айтган "қотил" ибораси ҳақидаги саволга жавоб бераркан, Путин Қўшма Штатларни Ироқдаги тинч фуқаролар ўлими ҳамда Гуантанамо қамоқхонаси учун танқид қилди.

Россия президентининг айтишича, президент Байден Озод Европа/Озодлик радиоларининг Россиядаги фаолияти масаласини ҳам кўтарган ва масалани Ташқи ишлар вазирликлари даражасида муҳокама қилишга келишилган.

Ўз навбатида президент Байден журналистларга Путин тилга олган масалаларнинг барчаси муҳокама қилинганини тасдиқлади.

АҚШ раҳбари Навальнийнинг қамоқда эҳтимолий ўлими Россия учун ҳалокатли, шу жумладан, иқтисодий оқибатларга сабаб бўлишини айтди.

Саммит арафасида Байден Қўшма Штатлар зиддият хоҳламаётгани, балки Россиянинг, Вашингтон назарида "халқаро нормаларга жавоб бермайдиган" амаллари туфайли ечим топишга уринаётганини айтганди.

Мавзуга алоқадор Жо Байден Путинни “муносиб рақиб” деб атади

Бир неча ой олдин Байден Путин қотил эканига ишонишини айтганди.

Байден Путин билан учрашаётган тўртинчи АҚШ президентидир. Байденнинг матбуот котиби Оқ уй «Россия билан муносабатларни тиклашни ҳам, кескинлаштиришни ҳам хоҳламайди», деб айтган. Аммо Байден Россия борасида собиқ президент Дональд Трампга нисбатан кескин сиёсат олиб бормоқда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

АҚШ президенти Байден ва Россия президенти Путин Женевага келди

Байден Оқ уйга келганидан бери Россияга қарши икки бор иқтисодий санкциялар жорий қилди. Айни дамда АҚШ президенти қуролларни назорат қилиш бўйича имзоланган New START шартномасини узайтиришга рози бўлди.

Байден, шунингдек, «Шимолий Оқим 2» газ қувурининг қурилиши якунланишига тўсқинлик қилишдан бош тортди. Россия газини Германияга элтишни кўзлаётган қувур Украинани транзит тўловларидан маҳрум қилади.