Тошкентдаги “Пахтакор” футбол клуби ва “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг собиқ эгаси, тадбиркор Ботир Раҳимов кечаëтган ҳафта давомида Туркия матбуотида “салбий қаҳрамон” ўлароқ танқидларга нишон бўлди.
Уюшган жиноятчилик тизими етакчиси деб билинган 51 яшар криминал авторитет Седат Пекер (Sedat Peker)нинг мамлакатдан чиқиб кетиб, Туркиядаги криминал вазият ҳақида фош қилувчи суҳбатлар бергани асносида “ўзбек тадбиркори” ва “Мирзиëев саройига яқин” деб таърифланган Ботир Раҳимов исми матбуотда тортишилди.
Турк матбуотида кенг ёритилган криминал хроника марказида 55 яшар Раҳимов Туркиянинг Бодрум минтақасидаги ҳашаматли меҳмонхоналар мажмуи “Paramount Hotel”ни сохта чек воситасида қўлга киритгани ҳақидаги иддао туради. Ушбу иддао “Paramount Hotel”нинг эгаси марҳум Атилла Урас (Atilla Uras) нинг АҚШ ватандоши бўлган қизи Виктория Ëсамин Урас (Victoria Yasemin Uras) Туркиядаги Zanka TV каналига берган ва бошқа ўнлаб нашрлар кўчириб босган суҳбатида илгари сурилган.
Виктория Ëсамин Урас Zanka TV канали журналисти Фарид Атай (Ferit Atay) саволларига жавоб берар экан, отаси тириклигида “Paramount Hotel”ни ўзбек тадбиркор Ботир Раҳимов ижарага олганини урғулайди. Ботир Раҳимовга қарши Туркия маҳкамасига даъво аризаси киритган Виктория Ëсамин Ураснинг иддао қилишича, 2018 йил ëзида отасининг шубҳали ўлими ортидан Раҳимовнинг шериги бўлган Жиҳон Эксикўғли “Paramount Hotel” ҳудудини "Туркия армияси танки билан ишғол этган". Урас бунинг ортидан меҳмонхона мажмуаси Ботир Раҳимов қўлига ўтганлигини иддао қилади. Турк матбуоти Ураснинг Ботир Раҳимов Туркия ватандошлигини "Бахтиëр Икромўғли" номига расмийлаштиргани ҳақидаги иддаосига ҳам ўрин берган.
Виктория Ëсамин Урасга кўра¸ отаси ўлган куни Раҳимовнинг русийзабон ҳайдовчиси Андрей 47 миллион долларлик чек эвазига меҳмонхонани сотиб олган ва "Раҳимовга ҳадя ўлароқ расмийлаштирган".
Чек текширилганида пулни айлантириб бўлмаслиги ўртага чиққан.
Матбуотнинг ёзишича, Бодрумдаги Жиноят ишлари маҳкамаси даъво жараëнида Виктория Ëсамин Ураснинг яна бир шикоятини кўриб чиқмоқда. Бу шикоятга кўра, “Paramount Hotel” иш бошқарувини юритган Ботир Раҳимов 2018 йилда мажмуа эгаси Атилла Урас ўлими ортидан "унинг кабинетидаги сейфдан ширкатга оид ҳужжат ва қимматли буюмларни олиб қўйган".
Виктория Ëсамин Ураснинг матбуотга билдиришича, у учта адвокат кўмагида бошига тушган кўргулик-Ботир Раҳимов “босқинидан қутулиш” учун “маҳкамада мужодала” олиб бормоқда.
Матбуотга берган суҳбати давомида АҚШ ватандоши Виктория Ëсамин Урас ўзига мерос қолган меҳмонхонани "босқинчилик билан қўлга олган" Ботир Раҳимов устидан АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФБР)га шикоят ëзганлигини айтади. Виктория Ëсамин турк журналисти Фарид Атай билан суҳбатда асли ўзбекисонлик миллиардер Алишер Усмонов номини ҳам тилга олиб, уни "Ботир Раҳимовнинг бизнес шериги" дея иддао қилади.
Маҳкама бу иддаолар борасида ҳали якуний қарорга келмаган бўлса-да, турк матбуоти Ботир Раҳимовни негатив бўëқлар билан тасвирлашда давом этмоқда.
Туркиядаги Karar.com интернет нашри 2017 йил “Paramount Hotel”даги тадбирда Ҳолливуд юлдузи Никол Кидман қатнашгани ҳақида ëзиб¸ Ботир Раҳимов¸ Диëра Усмонова ва Николь Кидманларнинг биргаликда тушган фотосуратини чоп қилди.
Нашр “бир замонлар минтақада шаффоф ва эркин бизнес намунаси бўлган Туркиянинг бу бўлгаси бугунга келиб криминал фигурантлар қора пулини ювадиган жомашовга айланганидан” афсус билдиради.
Қўқондан чиққан миллионер
Сўнгги 10 йилда Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркияда яшаб келган Раҳимов 2000-йиллар бошида Жиззахдаги вольфрам конига эгалик қилган, айни пайтда алюминий бизнеси билан ҳам шуғуллангани боис МДҲ давлатларида "Ботир алюминий" номи билан танилган.
Ўзбекистондаги бизнесидан узоқлашган Раҳимов бу орада президент Шавкат Мирзиёевнинг оиласига яқинлашди.
2017 йилда Ботир Раҳимов ва Диёра Усмонова жуфтлиги ўғил фарзандли бўлишганини эълон қилган. Ундан бир йил аввал "Пахтакор"нинг собиқ хўжайинига турмушга чиққан Диёра Усмонова Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироатхон Мирзиёеванинг жиянидир.
Унинг биринчи эри , миллиардер Алишер Усмоновнинг жияни Бобур Усмонов 2013 йил Тошкентдаги автоҳалокатда вафот этган эди.
Шу йил апрелида Раҳимов билан Тошкентдаги тўйда кўришганини айтган мулозимнинг Озодликка билдиришича, Раҳимов ҳозирда оиласи билан Тошкентда яшамоқда ва унинг тадбиркорлик фаолиятига “яшил чироқ ëқилган”.
Раҳимов ва унинг хотини Диëра Усмонова 2020 йилнинг октябрида Тошкентда, президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева тақдим қилган “Мендирман Жалолиддин” фильмининг тақдимот маросимида кўриниш берган эди.
Озодликда Ботир Раҳимовнинг Ўзбекистон президенти куëви Ойбек Турсунов билан бирга тушган сурати мавжуд.
2006 йилда Ўзбекистон ва Россия чоп этиладиган "Элита Обшества" журналига берган интервьюсида Раҳимовнинг ўзи Тошкент четида ўртаҳол ва кўп болали оилада вояга етгани, отаси милиционер, онаси эса мактаб ўқитувчиси бўлганини айтган. Оилада беш қиз, икки ўғил бўлганликларини айтган Раҳимов акаси Бахтиёр Раҳимовни ўзининг асосий ва энг ишончли бизнес ҳамкори деб атаган.
2010 йилда Каримовнинг "бизда олигархлар бўлмайди" деган баёноти ортидан маҳаллий бойларга қарши бошланиб кетган кампанияда акаси Бахтиёр Раҳимовнинг ҳам ҳибсга олингани хабар қилинган.
Сentrasia.ru нашри Ботир Раҳимов 2000-йиллар бошида Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримовага ярим миллион долларлик «Майбах» русумли автомобил совға қилгани ҳақида ёзган.
Ботир Раҳимов "Капиталбанк", суғурта компанияси, рангли метал қазиб чиқарадиган конни ҳам ўз ичига олган қатор ширкатлардан иборат "Капитал" ҳолдинги соҳиби ҳисобланади.
Раҳимовнинг асосий активи бўлган "Капиталбанк" 2001 йилда Ўзбекистоннинг 9-йирик банки ҳисобланган. Банк активлари ҳажми 2009 йил июнь ҳолатига 205 миллион долларни ташкил этган.
Швеция прокуратураси маълумотларига кўра, 2012 йил февралида Стромсунд шаҳарчасида ўзбекистонлик имомга ўқ узганликда айбланган Юрий Жуковскийга Шенген визасини олиши учун Ботир Раҳимов президенти бўлган Тошкентнинг “Пахтакор” футбол жамоаси бош директори Рустам Кўпайсинов расмий илтимоснома ёзиб берган.
Тахририятдан
Мақола чоп қилингани ортидан тадбиркор Рахимоовнинг ҳуқуқшунослари Озодлик билан боғланиб баъзи маълумотларни тақдим қилди. Ҳуқуқшуносларга кўра вқ қўшимча равишда Озодликнинг аниқлашича¸ Туркия матбуоти Интерпол қидирувива бўлган "вор в законе" Ботир Бухарский билан тадбиркор Ботир Раҳимовни адаштириб юборган.
Тадбиркор Ботир Раҳимов Италиянинг Милан шаҳрида яшаб бемалол сафар қилаëтгани ва Интерпол қизил рўйхатида йўқлиги Озодлик суриштируви асносида маълум бўлди.
2008 йилда россиялик криминал авторитет Дед Хасан тарафидан «Вор в законе» рутбаси берилган Ботир Раҳимов (Ботир Бухарский) Испания ҳуқуқ тартибот органлари тарафидан жиноий гурух тузиш¸ пул ювиш¸ ҳужжатларни соҳталаштириш ва Испания бюджетига зарар берганликда айбланиб қидирувга берилган. У шу кунларда турк матбуоти назарига тушган тадбиркор Раҳимов билан адаш холос.