Қирқ йилдирки, Афғонистон янги тарихидаги энг узоқ давом этган урушни бошидан кечирмоқда. Бу уруш саноқсиз қурбонлар келтирди, террористик хуружларга ва гиёҳванд моддалар савдосига кенг йўл очди. Бир неча ўн йиллик ҳарбий ҳаракатлар у ёки бу тарзда деярли ҳар бир афғонистонлик ҳаётига ўз муҳрини босган: кимдир ҳалок бўлди, кимдир майиб-мажруҳ бўлиб қолди, яна кимдир оғир руҳий жароҳатлар билан яшамоқда.
Бироқ Афғонистон аҳолиси барибир одатий турмушини давом эттириш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда. Улар, навбатдаги террористик хуружда қурбон бўлиш хавфига қарамай ҳар куни ишга қатнайдилар, рўзғор юмушлари билан шуғулланадилар. Аксари афғонийлар ҳеч қачон тинч мамлакатда яшамаган ва дунёдаги ҳамма нарсадан кўра тинчликни истайдилар.
Нажибулло Зафарий совет қўшинлари Афғонистонга бостириб киришининг авж палласида туғилганини айтади. Осуда ҳаёт кечириш нималигини мутлақо билмайди у. Кунда содир бўладиган ҳужумлар, портлашлар ва террорчилар хуружи унинг учун аллақачон оддий ҳолга айланган.
Зафарийнинг кичикроқ мебель дўкони бор. Кунларнинг бирида дўкони яқинида бомба портлаган эди. Жони омон қолган бўлса-да, ўшандан бери бир кўзи кўрмайди.
“40 ёшга кириб урушдан бошқасини кўрмадим. Аммо ҳаётимда дўконим ёнида портлаш юз берган кундан даҳшатлироқ кун бўлмаган деб ўйлайман. Ўшанда мен урушнинг нималигини ўз танамда ҳис қилдим. Кўз нуримдан айрилдим. Чап кўзим, бир неча марта жарроҳлик амалиёти қилдирганимга қарамай ҳеч вақони кўрмайди”, ҳикоя қилади Зафарий.
У ўша қўрқинчли воқеа дам-бадам тушига киришини ва совуқ терга ботиб уйғонишини гапириб берди. Афтидан, унга кўз муолажаси билан бирга, руҳий ёрдам ҳам зарурга ўхшайди: ҳар гал, шаҳарда портлаш юз берганида йигитда қаттиқ саросима хуруж қилади.
“Қўрқув ҳали-ҳамон бор, тунлари тиқ этган товушдан уйғониб кетаман. Кейин эрталабга довур уйқу келмайди. Нима ҳам қила олардим? Тирикчилик, оила боқиш учун пул керак. Ўша портлаш қарийб бор-будимдан маҳрум қилганди. Ҳаммасини қайтадан тиклашга тўғри келди”, дейди у.
Мавзуга алоқадор БМТ: 2020 йилда Афғонистонда 2,6 мингдан зиёд бола ўлдирилган ёки майиб қилинганКобуллик Али Подшоҳий ҳам яқинда террористик хуружда жабрланган. У жангарилар ҳамласига шундоққина ишхонаси ёнида йўлиқди. Йигитча тинчлик ҳақида хаёл сурмаган куни йўқлигини айтади. Бироқ унинг Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ишончи кун сайин сўниб бораётир.
“Биласизми ҳар тонг, уйқудан уйғонганимда энг аввал нима хаёлимга келади? Бу мамлакатда қачон тинчлик бўларкин, деган савол. Урушга кўникиб бўлмайди, бунинг имкони йўқ. Ишончим комил, бу ерда яшаётган ҳар бир инсон “қачон тинч кунларга етаркинмиз” деган ўй билан уйғонади”, дейди Подшоҳий.
Президент Жо Байденнинг АҚШда ҳокимият тепасига келганидан сўнг қўйган дастлабки қадамларидан бири Афғонистондан Америка қўшинлари олиб чиқиб кетилишини эълон қилиш бўлган эди. Мазкур жараён, режага кўра, 2021 йил 11 сентябрда якунланиши керак. Бироқ у сана яқинлашгани сайин Афғонистонда расмий ҳукумат мухолифлари, биринчи галда “Толибон” ҳаракати вакилларининг фаоллиги ортмоқда.
Мавзуга алоқадор Афғонистон армиясининг 100 дан ортиқ аскари Тожикистонга қочиб ўтдиАфғонистондаги шаҳар ёшлари алғов-далғов замонлар яқинлашаётганидан буткул умидсизликка тушмаслик учун маданият-таълим марказларига қатнаб мусиқа, хорижий тиллар ва санъатни ўрганишмоқда ёки шунчаки китоб мутолаа қилишмоқда. Ушбу машғулотлар уларни шафқатсиз воқеликдан бир оз бўлса-да, чалғитади.
“Марказимизга одамлар осуда макон илинжида келадигандек туюлади менга. Бу ерда улар асабларини тинчлантирадилар. Биз урушнинг шогирдларимизга салбий таъсирини юмшатишга ҳаракат қиламиз. Ёшлар учун бу ниҳоятда зарур. Ахир улар келгусида эзгу бир оламни барпо этишлари лозим. Ва бунга фақат таълим орқали эришиш мумкин”, дейди марказлардан бирида гитара чалишдан сабоқ бераётган Жамол Ҳошимий.
Маданият маркази ходимлари ўзлари ҳам кўп йиллик урушнинг руҳиятга таъсиридан бенасиб қолишмаганини айтишади. Уларнинг аксарияти айнан ишда хотиржам бўлади. Мамлакатда вазият қайтадан кескинлашган тақдирда нима қилишади — буни кўпчилиги тасаввур ҳам қила олмайди.
“Бу ердан кўчиб кетишдан маъни йўқ. Қаерга ҳам борардик? Кимдир одамларни руҳлантириб туриши керак-ку. Биз одамлар “ҳамма бизни ташлаб, қочиб кетди”, деб ўйламасликлари учун уларга ижобий бир муҳит яратишга интиламиз”, дейди муаллима Судоба Салахшор.
Мавзуга алоқадор Мирзиёев ўзбек-афғон чегарасидаги янгитдан жиҳозланган божхона масканига бордиЭкспертлар фикрича, бугунги кунда Афғонистон аҳолисининг руҳий аҳволи хийла оғир. Поёнсиз уруш кўплаб одамларни турли-туман руҳий хасталикларга гирифтор қилган. Психотерапевт Шарофиддин Азимийга кўра, ҳаммадан кўра террористик хуружлар жабрдийдаларига қийин.
“Афсуски, уруш ўзи билан турфа руҳий касалликларни олиб келди. Одамлар саросима ва қўрқувдан азият чекишмоқда, руҳий дардмандлар сони кун сайин ортяпти. Ўзингиз ҳам тушунасиз, бунақа касалларга қўшилиб уларнинг оила аъзолари, қўшнилари ҳам дард чекади”, дейди Азимий.
Доктор Азимийнинг таъкидлашича, террорчилар ҳужумида бевосита жабрланган ва руҳияти уруш туфайли шикастланган афғонийларнинг кўпи хасталигини ва давомли муолажага муҳтожлигини англамайди.
“Киши террористик хуружга гувоҳ бўлиб, кўрган ҳамма нарсасини, ҳатто ўшанда туйгани қон ҳидини узоқ вақтгача унута олмаётган бўлса, унинг руҳият бузилган бўлади, — дея тушунтиради у. — Ҳар қандай товуш уларнинг хотирасида ўша даҳшатли онларни жонлантириши мумкин. Бунақа одамлар узоқ даволаниши керак. Афсуслар бўлсинки, террорчилик хуружлари кўпайгани сайин руҳияти шикастланган кишилар сони ортиб бормоқда”.