ТИВ: Ўзбекистон ҳудудига кирган 53 нафар афғонистонлик ватанига қайтарилди

Ўзбек-афғон чегараси (архив сурати)

Жорий йилнинг 23 июнь куни 53 нафар афғон чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар Шўртепа тумани ҳудудидан Ўзбекистонга ўтди. Бу ҳақда маълум қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, “зарурий суриштирув ва тергов тадбирлари ўтказилганидан сўнг ушбу афғон фуқаролари ватанига қайтарилган”.

Ўзбек дипломатлари қайдича, Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилади, давлат чегарасини бузганларга эса энг кескин чоралар кўрилади.

Ўзбекистон Афғонистондаги, жумладан, чегарадош шимолий вилоятлардаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бораётганини урғулаган ТИВ ихтилофга алоқадор барча томонларни куч ишлатишдан тийилишга ҳамда тинч аҳоли орасида қурбонлар келиб чиқишига йўл қўймасликка чақирган.

“Ўзбекистон томони Афғонистон билан анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини асраш, бетарафликни сақлаш ҳамда қўшни мамлакат ички ишларига аралашмаслик тарафдори эканлигини қатъий маълум қилади”, дейилган вазирлик баёнотида.

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари 23 июнь куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида тожик-афғон чегарасида юзага келган вазиятни муҳокама қилишган эди. Тожикистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон Афғонистон билан чегарадош ҳудудларда юзага келган вазиятни “ўта кескин” дея баҳолашган.

Пайшанба куни Тожикистон МХДҚ Чегара қўшинлари мамлакат ҳудудига Афғонистондан 134 нафар ҳукумат аскари қочиб ўтгани, улар “инсонпарварлик ва яхши қўшничилик тамойилларига амал қилган ҳолда” Тожикистонга қўйилгани ҳақида маълумот тарқатганди.