АҚШ 11 сентябрга қадар Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишни режалаштирмоқда. Бир неча кун аввал немис ҳарбийлари мамлакатни тарк этди. Ҳолбуки ҳукумат ҳарбийлари билан толиблар ўртасида қақшатқич жанглар давом этяпти. БМТ маълумотига кўра, сўнгги ойда “Толибон” Афғонистон ҳудудининг қарийб 70 фоизини ишғол қилган. Америкаликлар билан ҳамкорлик қилган афғонлар эса, АҚШ контингенти чиқиб кетгач ўз хавфсизликлари нима бўлишини ўйлаб қўрқувга тушганлар.
24 ёшли Маннон Расулий (исм-фамилия ўзгартирилган) уч йилдан бери америкаликлар билан ишлайди. У — таржимон. Бир қарашда обрўли касб, аммо Афғонистонда тилмочларга ҳамиша ўлим хавф солиб туради. Маннон тез-тез таҳдидли хат-хабарлар олиб туради, шу боис туғилиб ўсган юртига боришни хаёлига ҳам келтирмайди.
“АҚШ ҳарбийлари билан ишлай бошлаганимда бир куни мени ўлдиришларини билардим. Бу онгли танлов эди. Мен терроризмга қарши кураш йўлини танладим”, дейди у.
Мавзуга алоқадор Ўзбек-афғон чегараси: ҳарбийлар назоратни кучайтирди, расмийлар ва имомлар аҳолини огоҳликка чақирмоқдаМаннон асли Нангархар вилоятидан — ушбу минтақанинг бир бўлаги узоқ вақт толиблар назоратида бўлган. Яқинда ота уйи ёнида унинг акасини ўлдириб кетишди. Ҳукуматнинг айтишича, у полицияда хизмат қилгани учун экстремистлар ғазабига йўлиққан. Бироқ Маннон акасини уни деб ўлдиришган, деб ҳисоблайди. Айтишича, фожиадан олдинроқ унга қўнғироқ қилиб, акасини ўлдириш билан таҳдид қилишган.
“Ҳатто ўлдиргандан сўнг менга қўнғироқ қилиб: “Навбатдаги сенсан”, деб айтишди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга арз қилдим, аммо улар жиддий қабул қилишмаяпти”, ҳикоя қилади Маннон.
Расулийнинг америкаликлар билан ҳамкорлик қилаётганига уч йил тўлган бўлса, шу вақт давомида яшаш жойини муттасил ўзгартириб юрибди. Шундай пайтлар бўладики, оиласини хавф остига қўймаслик учун бир неча ойлаб улар билан кўришмайди. У АҚШ ҳукуматидан Афғонистондан кўчиб кетишига ёрдам беришни сўраган, зеро Ғарб давлатлари коалицияси чиқиб кетгач у ва оиласи ниҳоятда мушкул аҳволда қолади.
“Ўтган 20 йил мобайнида биз ва қавм-қариндошларимиз олти кишидан жудо бўлдик. Умид қиламанки, мени ва оиламни бу ердан олиб кетишади”, сўзида давом этади у.
Мавзуга алоқадор АҚШ генерали Толибонни бомбардимон қилиши мумкинлигидан огоҳлантирдиИстеъфодаги генерал Абдул Ваҳоб Такатга кўра, чет давлатлар қўшинлари билан ҳамкорлик қилган афғонларга нисбатан хавф-хатар даражасини тушуниш учун улар касбининг табиатини англаш лозим. Аксари одамлар шунчаки тилмоч бўлиб ишламаган — разведка маълумотларини йиғишда ёрдам беришган. Нима бўлганида ҳам, генералнинг айтишича, толиблар ҳокимият тепасига келишгач улар ҳар бир хабарчини аниқлашга киришади. Экстремистларнинг разведка хизмати ҳозир ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ.
“Кўпчилик бехабар бўлиши мумкин, аммо улар жосуслик-разведка функциясини бажаришган. Янгиликларни кузатиб борсангиз, бу ерда, Афғонистонда таржимонлардан кўра журналистлар кўп ўлдирилишини билиб оласиз. Мантиқан қарайдиган бўлсак, айнан журналистларни олиб чиқиб кетиш керак эди. Бироқ улар таржимонларни кўчириб кетмоқчи, деб айтишяпти. Шунинг ўзиёқ тилмочлар аслида жиддий вазифаларни бажариб юрганини билдиради. Уларнинг ўқимишли одамлар эканига ишончим комил, келгусида улар Афғонистоннинг ўзига ҳам керак бўлур эди. Аммо кўряпмизки, АҚШнинг уларга нисбатан ўз режалари бор экан”, дейди Абдул Ваҳоб Такат.
Хорижий давлатлар қуролли кучларига ишлаган афғонлар одатда ўз шахсини қаттиқ сир тутишади ва эътиборни тортмасликка ҳаракат қилишади. Лекин сўнгги пайтларда уларнинг аксари ошкора норозилик билдирмоқда. Кобулда юзлаб одамлар бир неча ҳафтадан буён митинг қилишади — улар ғарб мамлакатларидан ўзларини Афғонистондан кўчиришни талаб қилишмоқда. Митингчилар, чет эл қўшинлари билан ишлаб ҳаётларини хавф остига қўйгач эндиликда ўзларини алданган ҳис қилиб, ғазабланишмоқда.
Мавзуга алоқадор Афғонистонда Толибонга қарши урушга аёллар ҳам қўшилмоқдаСон-саноқсиз мурожаатлар ва давомли норозиликдан сўнг АҚШ президенти маъмурияти кейинги қадамлари устида жиддий бош қотира бошлади. Яқинда Жо Байден Америка қўшинларига кўмаклашган Афғонистон фуқаролари тақдир ихтиёрига ташлаб қўйилмайди, дея ваъда берди. Улар эвакуация қилиниши зарурлиги ҳақидаги фикрлар АҚШ Конгрессида ҳам айтилди.
“Гап фақат таржимонларда эмас, бу мактаб директорлари, журналистлар ва афғон парламенти депутатларининг 20 фоизини ташкил этувчи аёлларга ҳам тааллуқли. Улар экстремизмга қарши биз билан елкама-елка туриб курашган одамлар. Сўнгги аскаримиз мамлакатни тарк этганидан сўнг бу одамларга ўлим ҳукми хавф солади. Улар нишонга айланишади”, деган эди конгрессмен Майкл Уолт.
Афғон таржимонларининг кейинги тақдири кенг муҳокама қилиниши манзарасида “Толибон” гуруҳи баёнот билан чиқди. Ташкилот одамларни чет эл қўшинлари билан ҳамкорлик қилгани учун таъқиб этмасликка ваъда бериб, уларни мамлакатда қолишга ва Афғонистон келажаги учун меҳнат қилишга чақирмоқда. Бироқ толибларнинг ваъдасига ҳамма ҳам ишонавермайди.