Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева Тошкентда журналистлар билан ўтказилган учрашувда оммавий ахборот воситалари эркин бўлишини таъкидларкан “журналистлар фаолиятига аралашишга, сизларга кўрсатма, йўналиш беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, – деди.
Норбоева ҳозирда оммавий ахборот воситалари соҳасига доир янги ҳужжат устида иш олиб борилаётганини ҳам айтди.
"ОАВ ишига аралашиб, уларга бунақа ёз, унақа ёз, у нотўғри, бу тўғри дейиш давлатнинг иши эмас. Чунки сўз эркинлиги, ошкоралик – ҳаётимизда танлаб олган асосий тамойилларимиздан бири”, – деди Сенат раиси.
Бундан олдин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам матбуот ва ОАВ ходимлари куни муносабати билан чиқишида журналистларга тўсқинлик учун жазони кучайтиришни таклиф қилганди.
“Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан ОАВ ижодий фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва зарур техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарликни назарда тутадиган моддаларни кучайтириш лозим”, – деганди Мирзиёев.
Шу йилнинг май ойида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат ичида туриб фаолият юритадиган польшалик журналист Агнешка Пикулицканинг аккредитация муддатини узайтиришни сўраб берган аризасини рад этгани ҳамда бир қатор блогерлар қамалгани учун Мирзиёев ҳукумати халқаро танқидга учраганди.