Ўзбекистон аномал иссиққа ҳозирлик кўрмоқда

Ўзбекистонда 5 июль куни ҳаво ҳароратининг янада исиши, +47 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда 5 июль куни ҳаво ҳароратининг янада исиши, +47 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.

"Ўзгидромет" бу каби аномал иссиқ сабабини "Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келишининг кучайиши" билан изоҳлаган.

Вилоят ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши оқибатида юзага келадиган нохуш ҳолатларнинг олдини олишга шай бўлиб туриш ҳақида топшириқ олган .

Одамлар гавжум жойларда, жумладан, бозорлар, сайилгоҳлар, кўнгилочар масканларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича вақтинчалик тиббиёт пунктларини ташкил этиш зарурлиги, даволаш-профилактика муассасаларида иссиқ ҳаво оқибатида сурункали касалликлари хуруж қилиши мумкин бўлган тоифаларни эътиборга олиб, тегишли койка-ўринлар ва дори воситалари захиралари етарли миқдорда шакллантирилиши кераклиги айтилмоқда.

Мутахассисларга кўра, ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрлардан 7-10° га юқоридир.

Жазирама иссиқ, айниқса, мамлакатнинг ичимлик суви доимий муаммога айланган жанубий вилоятларида янада кўпроқ сув танқислигини юзага келтирган.

Айрим вилоятларда аҳоли ўзлари сотиб олаётган ичимлик сувининг нархи ошганидан ҳам шикоят этишганди.