Ислом цивилизацияси маркази "Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон" марказига айлантирилади

Президент Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси маркази қурилшини кўздан кечирмоқда, январь, 2021.

Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази "Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон" марказига айлантириладиган бўлди.

Президентнинг 16 июль куни имзолаган қарори билан Вазирлар Маҳкамаси қошидаги марказ бундан буён:

  • "Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон" ғоясини кенг тарғиб қилиш;
  • мамлакат янги даврдаги ютуқларини кенг жамоатчиликка етказиш;
  • моддий-маданий мерос ва ислом дини билан боғлиқ анъаналарни тарғиб қилиш билан шуғулланади.

Ҳужжатда таъкидланишича, "Учинчи Ренессанснинг илмий-маънавий пойдеворини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, мамлакатнинг ислом цивилизациясини ривожлантириш" мақсадида шундай қарорга келинган.

Шунингдек, ушбу марказда юридик шахс мақомига эга бўлмаган жамғарма ҳамда Самарқанд қоғози, муқовасозлик ва хаттотликнинг қадимий анъаналарини тиклаш бўйича устахона-лаборатория ташкил этилиши белгиланди.

Қайта номланган ва янги вазифалар зиммасига юкланган марказ дастлаб 2017 йилда президент фармони билан ташкил қилинган ва Ўзбекистон Ислом маданияти маркази номи берилганди.

Кейинчалик президент ташкилот номини Ислом цивилизацияси марказига айлантирганди.