Оқ уй ижтимоий тармоқларни COVID-19 вакцинаси бўйича дезинформацияга қарши курашга чорлади

АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден Facebook сингари ижтимоий тармоқлар ўз платформаларида коронавирусга қарши вакциналар тўғрисида нотўғри маълумот тарқатилишига йўл қўйиб, «одамларни ўлдираётганини» айтди.

«Улар одамларни ўлдирмоқда», - деди Байден 16 июль куни мухбир саволига жавобан.

«Олдимизда турган ягона пандемия бу эмланмаганлар орасидаги пандемиядир», - деди АҚШ президенти.

Аввалроқ соғлиқни сақлаш мутасаддилари тўплаган маълумотлар вирус деярли фақат эмланмаган одамлар орасида тарқалаётганини кўрсатганини маълум қилган эди.

Facebook Байденнинг баёнотига қарши чиқди. Ширкат COVID-19 ҳақида муайян ёлғон даъволарни тарқатишга қарши қоидалар жорий қилгани ва одамларга вакциналар тўғрисида ишончли маълумот бериб бораётганини иддао қилди.

Facebook матбуот котиби Кевин Макалистер, 2 миллиарддан ортиқ одам «Facebook тармоғида COVID-19 ва вакциналар ҳақида нуфузли маълумотларни кўриб чиққани» ҳамда 3,3 миллиондан ортиқ америкалик шу тармоқда вакцина олиш пунктлари ҳақида маълумот олганини айтди.

«Фактлар шуни кўрсатадики, Facebook одамлар ҳаётни сақлаб қолишга ёрдам бермоқда. Тамом-вассалом», - деди Макалистер.