Россия Марказий ҳарбий округи авиацияси Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида ўтадиган ҳарбий машғулотларга жалб қилинади.
Россия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, машғулотларга Қирғизистоннинг Қант шаҳридаги Россия ҳарбий базасида мавжуд бўлган Су-25СМ ҳужумчи самолётлари жўнатилади. Улар шартли рақибнинг яширин базаларини аниқлаш, йўқ қилиш ва кўчма ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимларидан қочиш машқларини бажаради.
20 июль куни Ўзбекистон ва Россия ҳарбийларининг қўшма ҳарий машғулотлари Термиз полигонида 30 июлдан 10 августгача ўтказилиши хабар қилинган эди.
Расмий хабарда машғулотларда 1500 аскар ва 200га яқин ҳарбий техника, жумладан, авиация ҳам иштирок этиши айтилган.
30 июлда бошланадиган ҳарбий ўқув машқлари режаси Афғонистон шимолида Толибоннинг афғон ҳукумат кучларига қарши ҳужумлари кучайган ва Марказий Осиёда хавфсизлик хавотирлари ортиб бораётган паллада эълон қилинмоқда.