Тожикистон 100 000 гача афғонистонлик қочқинга бошпана беришга тайёр

Тожикистон. Афғонистонга чегарадош Тоғли Бадахшон мухтор вилояти маркази Хоруғ шаҳри яқинида қочқинлар учун тайёрлаб қўйилган чодирлар. (Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Муҳаммад Зоҳир Ахборнинг Фейсбукидан олинди)

Тожикистон қўшни Афғонистондан келиши мумкин бўлган 100 мингга яқин қочқинга бошпана беришга тайёрлигини билдирди.

Толибон Афғонистон шимолини эгаллаб олишда давом этар экан, Марказий Осиёда хавфсизлик бўйича хавотирлар кучайиб бормоқда.

13 июль куни Тожикистон Фавқулодда вазиятлар ва фуқаровий муҳофаза қўмитаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Имомали Иброҳимзода агар афғонистонлик қочқинлар сони бундан ҳам ошиб кетса, Душанбе ёрдам сўраб халқаро ташкилотларга мурожаат қилишини айтди.

Иброҳимзоданинг сўзларига кўра, қочқинлар оқими учун тайёргарлик кўриш мақсадида Тожикистон жанубидаги Хатлон вилоятида иккита йирик озиқ-овқат омборини қуриш ишлари бошланган.

Иброҳимзода сўнгги кунларда Афғонистон ҳукумат кучлари ва Толибон жангарилари ўртасидаги ҳарбий тўқнашувлардан қочиб, Тожикистонга ўтган 1 600 нафар Афғонистон фуқаросини ватанига қайтариш учун 11 та рейс ташкил қилинганини айтди.

Мавзуга алоқадор “Толибон” вакили ўзбек-афғон чегарасининг катта қисми ҳаракат назорати остида эканини иддао қилди

Жорий ҳафта бошида Хатлон вилояти ҳокими Қурбон Ҳакимзода Жайхун туманида қочқинлар учун вақтинчалик лагерь ташкил этилишини айтган эди.

Сўнгги ҳафталарда юзлаб афғонистонлик, жумладан, полиция ва ҳукумат қўшинлари Тожикистон ва қўшни Ўзбекистонга қочиб ўтди.

Мавзуга алоқадор Кремль вазият кескинлашса Ўзбекистонга кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди

1 май куни АҚШ ва унинг ҳамкорлари Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кета бошлаганидан бери толиблар Афғонистоннинг чегарадош ҳудудларини эгаллаб олди.

«РИА Новости» агентлигининг Толибон расмий вакили Забиуллоҳ Мужоҳид сўзларига таянган ҳолда хабар беришича, радикал гуруҳ айни пайтда Афғонистон чегараларининг 90 фоизини назорат қилмоқда.

Мавзуга алоқадор Тожикистонга қочган Афғонистон қирғизлари уйларига қайтарилди

Ўтган ҳафта Афғонистондан қарийб 350 этник қирғиз 4 000 бош чорва моли билан Тожикистонга ўтди. Кобул уларнинг хавфсизлигини кафолатлаганидан кейин, улар Афғонистондаги қишлоқларига қайтариб юборилди.

АҚШ барча қўшинларини 31 августга қадар олиб чиқиб кетишини маълум қилган. Жорий ой бошида АҚШ кучлари Кобул яқинидаги Бағром ҳарбий базасини бўшатган.

АҚШ Афғонистондан ҳарбийларини тез суратда олиб чиқиб кетаётгани ҳамда Толибон жанг майдонида кўплаб муваффақиятга эришгани учун Кобулдаги Ғарб қўллаб келаётган ҳукумат қулаши мумкинлиги тўғрисидаги хавотирлар кучаймоқда.