Толибон гуруҳининг жангарилари Афғонистон пойтахти Кобулга кира бошлади. Мамлакат Ички ишлар вазирлигига кўра, жангарилар шаҳарга ҳар томондан яқинлашмоқда.
Қатар пойтахти Доҳада фаолият юритаётган Толибон идораси одамларнинг ўлими ва жароҳатланишининг олдини олиш учун жангариларни Кобулга кириш жойларида қолишга чақирганини эълон қилди.
Шу билан бирга, Афғонистон раҳбариятининг исми ошкор қилинмаган манбаси Аssociated Pressга берган интервюсида, Толибон аллақачон Кобулнинг бир неча кварталларида, жумладан, Калакан, Қорабоғ ва Пагманда эканини айтди.
Қўшма Штатлар ўз дипломатларини эвакуация қила бошлади ва Кобул аэропорти ва элчихонани ҳимоя қилиш учун Афғонистонга қўшимча қўшин юборди.