Халқаро коалиция кучларининг 2001 йили Толибон устидан қозонган ғалабаси ортидан миллионлаб афғон аёлининг ҳаëти¸ секинлик билан бўлсада¸ ўзгарди. Улар уйдан кўчага чиқиш, таълим олиш¸ машина ҳайдаш, спорт билан шуғулланиш ва жамоат жойда юзини тўсмасдан юриш каби оддий ҳуқуқларга эга бўлдию
Орадан 20 йил ўтиб¸ Толибоннинг қайта иқтидорга келиши ортидан булар барининг бекор бўлиб, аёллар бурунги даврга қайтадиган кўринади. Толибон қўл остида аёлларнинг реал келажаги қандай бўлишини¸ улар бераëтган ваъдалар эмас¸ катта шаҳарлардаги аҳволга кўра тахмин қилиш мумкин.
Хусусан, июль ойи бошларида Қандаҳорда толиблар банкка бостириб кириб, аёл хизматчиларни иш жойларини тарк этишга мажбур қилган ва уларнинг ўрнига эрлари ёки бошқа эркак қариндошлари келиб ишлаши мумкинлигини айтган эди.
Бир неча кун ўтиб, айни воқеа Ҳиротда такрорланди. Бу сафар аёл хизматчиларни мижозларга юзларини кўрсатганликда айблашди. Энг қўрқинчлиси, босиб олинган ҳудудларда толиблар эрсиз аёллар ва 12 ёшдан катта қизларни зўрлик билан хотин қилиб олаётгани ҳақида маълумотлар бор.
Толибоннинг консерватив исломий табиатига ёт касб-ҳунар билан шуғулланувчи қанчадан қанча аёллар борки, улар тақдири¸ ҳозирги вазиятда ниҳоятда таҳликада қолди.
Қуйида Афғонистонда ўлим хавфи остида қолган аёллар ҳақида ҳикоя қилинади, шунингдек, аёлларнинг ўз ҳақлари учун толибларга қарши кураши тимсолига айланган жасорат соҳибаларининг кечмишлари эсга олинади.
Таълим. Малала Юсуфзай
Рўйхатдаги биринчи аёл афғон эмас, балки Покистон фуқароси, аммо ушбу кунларда Афғонистон аёллари тақдири ҳақида гап кетганда энг аввало унинг исми тилга олинмоқда. Малала Юсуфзай 11 ёшида‑ёқ Би-би-сида ўз блогини очиб, толибларнинг Покистон шимолидаги Сват водийсида шариат қонунларини ўрнатишга уринишини танқид қилиш билан танилган эди. 2008 йилда америкаликлар Афғонистондан Покистонга сиқиб чиқарган толиблар ва “Ал‑Қоида” жангарилари Сват водийсида ислом давлати тузилганини эълон қилишган эди. Тўрт йилдан сўнг АҚШ ҳарбийлари уларни водийдан қувиб солишга муваффақ бўлди, аммо террорчилик ҳужумлари, ҳукумат кучлари билан исломчилар ўртасида тўқнашувлар ҳануз давом этмоқда эди. Шундай кунларнинг бирида Малала мактаб автобусида дарсдан қайтар экан, йўлни қуролли одамлар тўсади. Улардан бири салонга кириб: “Малала ким?” деб сўрайди. Қизалоқ ўзини танитганида жангари унга ўқ узади. Малала Юсуфзайни оғир аҳволда касалхонага етказадилар, у узоқ вақт комада ётади, аммо тирик қолади ва Буюк Британияга жўнаб кетади. Покистонга илк бор 6 йилдан сўнггина қайтади.
Шу ўтган йиллар мобайнида Малала бир нечта нуфузли мукофотга, жумладан, Нобель тинчлик мукофотига сазовор бўлди, болаларнинг (аввало қизларнинг) таълим олишда тенг ҳуқуқларга эга бўлиши учун курашди. Суиқасддан сўнг толиблар Малалани ўлдиришга бир неча марта ваъда берадилар.
Шу кунларда Малала телевизорлар экранидан тушмаяпти: Афғонистонда толиблар иқтидорга келиши муносабати билан кўз олдидан кечаётган даҳшатли болалик хотираларини одамларга сўзлаб бермоқда.
“Ҳатто мактаб кийимини кийиб юришга қўрқардим, чунки юзимга кислота сепиб юборишлари ҳеч гап эмасди. Ҳозирда юз бераётган воқеалардан ўзига келиши учун афғон халқига ўнлаб йиллар керак”, деди у CNN телеканалига берган интервьюсида.
Бу орада Афғонистонда толиблар аввалги таълим тизимини бузишга киришди: сешанба куни Кобулдаги матбуот анжуманида ҳаракат вакили ўғил ва қиз болаларни айри-айри ўқитиш тизимига қайтилажагини эълон қилди. Тўғри, айни чоғда улар аёлларнинг таълим олишини бутунлай тақиқлаш режаларида йўқлигини иддао қилишмоқда, аммо унутмаслик керакки, Толибоннинг биринчи бошқарув даври – 1996–2001 йилларда мамлакатда аксари қизлар умуман мактабга қатнамаган.
Сиёсат. Зарифа Ғаффорий
Афғонистоннинг Майдон Шар шаҳри ҳокими, 29 ёшли Зарифа Ғаффорий аёлларнинг афғон сиёсатига қайтиши рамзи бўлди. У Афғонистон президенти лавозимга тайинлаган биринчи аёл ҳоким эмас, балки энг ёш аёл ҳоким эди. Энг асосийси, унинг бошқарувига топширилган шаҳар Кобулдан атиги 40 чақирим нарида бўлса-да, ўта консерватив ҳудудлардан бири бўлмиш Вардак вилоятида жойлашган. 2018 йилда, янги лавозимга ўтирган илк кунидаёқ бир тўда эркак уни тошбўрон қилмоқчи бўлган эди. Бу Ғаффорий ҳаётидаги суиқасдлар силсиласининг боши бўлди, ҳар қадамда кутиб турган хавф-хатар туфайли Зарифа Майдан Шарда муқим яшай олмай, ишга ҳар куни Кобулдан қатнашга мажбур бўлди. 2020 йил ноябрда толиблар унинг отасини қатл этишди.
“Биламан, мени қачондир отиб ташлашади”, деган эди Зарифа Ғаффорий 2019 йилда New York Times газетасига берган интервьюсида. Мана, орадан икки йил ўтиб ўн минглаб одам ушбу аёлнинг тақдиридан алағда бўлиб ҳар куни унинг Twitter саҳифасини кузатмоқда. Зарифа сўнгги твитини 14 август куни қолдирган. Ўша куни у Кобулдаги квартирасидан inews.co.uk сайтига телефон орқали берган интервьюсида шундай деган эди:
“Бу ерда мени олиб кетишларини кутиб ўтирибман. Менга, оиламга ёрдам бера оладиган ҳеч ким йўқ. Улар мен кабиларни ушлаб, олиб кетишади ва ўлдиришади. Оиламни ташлаб кета олмайман. Аммо қаёққа ҳам борардим?”
Шундан сўнг Афғонистон тарихидаги энг ёш аёл ҳоким журналистдан узр сўраб, ортиқ гапира олмаслигини айтган ва гўшакни қўйган. Ўшандан бери Зарифадан дом-дарак йўқ.
Санъат. Шамсия Ҳасаний
Кўчаларда граффити чизувчи биринчи афғон мусаввир аёли – Шамсия Ҳасаний ҳам ҳануз Кобулда қолаётган бўлса ажаб эмас. У Twitter ва Instagramда охирги марта 18 августга ўтар кечаси хабар қолдирган.
Ҳасаний 1988 йилда Эронда туғилган бўлиб, тарихий ватанига биринчи марта келганида 20 ёшдан ошган эди. 2015 йилда у Кобул университетида санъат бўйича илмий даража олди, кейинроқ ранг-тасвир бакалаври ва тасвирий санъат магистри даражаларига эга бўлди ва пировардида ушбу даргоҳда дарс бера бошлади.
Ҳасанийнинг энг машҳур асарлари Афғонистондаги уруш ва мамлакат аёлларининг ҳаётига бағишланган.
“Бир нарсани сира тушунмаганман: нега сизлар бизнинг шунчаки тинчгина яшашимизни хоҳламайсиз? Толибон? ИШИД? Ёки... Осуда турмуш кечиришимизга имкон беринг. Мен ўз юртимни, ўз уйимни қайтаришни истайман. Мен халқимнинг тинч ва эркин бўлишини хоҳлайман”, деб ёзган эди Ҳасаний 20 июль куни Twitterда.
Қиз битта граффитини рекорд даражада тез – узоғи билан бир неча ўн дақиқада чизиб битиришни ўрганишга мажбур бўлди. Акс ҳолда, мусаввирнинг ўзи айтишича, теварагини норози эркаклар тўдаси қуршаб олиши мумкин эди.
Авиация. Нилуфар Раҳмоний
Нилуфар Раҳмоний 2012 йилда, 20 ёшида Афғонистон Ҳарбий-ҳаво кучларига хизматга кирган биринчи афғон аёли эди. 1990 йиллар охирида унинг оиласи Толибондан Покистонга қочган ва 2001 йилдагина қайтишга муваффақ бўлган. Нилуфар келгусида учувчилар мактабида ўқиш имкониятига эга бўлиш учун болалигидан инглиз тилини ўрганган. Учувчилар курсида ҳам у ягона аёл эди.
Толиблар ҲҲКда хизмат қилаётган афғон қизини тинч қўймайди, албатта. Оиласига тез-тез таҳдид қилишади, “ўлдириб кетамиз” деб қўрқитишади. Ниҳоят, 2018 йилда Нилуфар ҳарбий хизматни ташлаб, АҚШдан бошпана топади. Шу йилнинг июлида унинг “Очиқ осмон. Биринчи афғон учувчи аёли бўлмиш менинг ҳаётим” номли китоби чоп этилди. Ҳозирда Кобулда Раҳмонийнинг қариндошлари, жумладан, отаси қолган.
“У жуда кучли инсон, мен яхшиман, ҳеч қандай хавф-хатар йўқ, деб ишонтирмоқчи бўлади. Аммо бундай эмаслигини биламан”, деди Нилуфар сешанба куни Американинг Fox телеканалидаги суҳбатда.
Уни ҳаммадан кўра, толиблар ҳукми остида ҳали ҳеч яшаб кўрмаган қизларнинг тақдири кўпроқ ташвишга солади.
“Толибон 20 йил бурун қанақа қонунларни жорий қилган бўлса, яна ўша тартибларга қайтади, ҳатто аввалгидан ҳам шафқатсизроқ ҳаракат қилишлари мумкин”, дейди Раҳмоний.
У афғон ҳукуматини ҳам танқид қилмоқда:
“Армия ундоқ қилиши керак, бундоқ қилиши керак, деб айтишяпти. Сиёсий раҳбарият мамлакатдан қочиб кетганидан сўнг аскарларни ким руҳлантиради? Бош қўмондонсиз қўшин жангга ярайдими? Йўқ, албатта”.
Нилуфар MSNBC телеканали журналисти билан суҳбат чоғида АҚШ президенти Жо Байденга мурожаат қилди:
“Мен, бир афғон аёли ўлароқ, ушбу сўзларим президент Байденга етиб боришини истайман. Илтимос қиламан, оилаларни қутқаринг. Сиз уларга кераксиз. Аёлларни, қизалоқларни қутқаринг. Ва ўтинаман, менинг оиламни ҳам халос этинг”.
Журналистика. Биринчи афғон аёллар телеканали – Zan TV
2001 йилда толиблар режими ағдарилганидан сўнг Афғонистонда аёллар секин-аста ноъанъанавий соҳаларга, хусусан, журналистикага ҳам кириб кела бошлади. 2017 йилда ушбу соҳада, ҳатто кўплаб ривожланган мамлакатларда ҳам кўрилмаган чинакам инқилобий воқеа юз берди: Кобулда Zan TV хусусий телеканали эфирга чиқди – унинг барча бошловчилари ва ходимлари аёллар эди. Zan TV кундалик воқеа-ҳодисалардан ташқари, замонавий Афғонистон жамиятидаги аёллар муаммоларини чуқур ёритишга ҳаракат қилди.
Канал аудиторияси шиддат билан кенгайиб, бир неча юз минг томошабинга етди. Zan TV аёллар ҳуқуқлари учун курашувчи фаоллардан интервью олар, шунингдек, аёлларнинг косметик парвариши ёки аёллар спорти сингари Толибон ҳукмронлиги даврида ман қилинган мавзуларга махсус дастурларни ажратар эди.
17 август куни Толибон аёлларнинг телекўрсатувларни олиб боришига рухсат берди. Ўша куни TOLOnews номли афғон телеканали бошловчи аёллар билан кўрсатувлар беришда давом этди, ҳолбуки бир кун олдин толиблар канал таҳририятини босиб олишган эди.
Афғонистон давлат телевидениеси бошловчиси Хадича Амин ўрнини Толибон вакили эгаллади. Гуруҳ раҳбарияти аёлларнинг ТВда ишлашига рухсат берганини иддао қилганига қарамай, Амин у ва ҳамкасабаларига ишга келиш тақиқланганини айтмоқда.
Нидерландия ҳукумати молиялаб келган Zan TV телеканалининг истиқболи қоронғи. Британиянинг The Guardian нашри Кобулда қолган бир неча журналист аёл билан, уларнинг исмларини сир тутишни ваъда қилиб, гаплашди:
“Афғонларнинг, биринчи галда¸ афғон аёлларининг овозини дунёга етказиш мақсадида кўп йиллар журналист бўлиб ишладим, бироқ эндиликда касбимиздан, эркимиздан айрилдик. Бундай жазога лойиқ қанақа гуноҳим бор, билмайман. Охирги кунларда ҳаётимиз остин-устун бўлиб кетди, биз яна уй-уйимизга қамалганмиз, ҳар дақиқада бизга ўлим билан таҳдид қилишяпти”, деган улардан бири.
Zan TVнинг энг таниқли бошловчиларидан бири бўлган Фария Саидий ҳозирда Канадада яшамоқда, у бошқа ОАВларга тез-тез интервью беради.
“Ҳамма нарсамизни йўқотдик. Ишни нулдан бошлаяпмиз. Толиблар давридаги ҳаёт даҳшатларини шу пайтгача фақат катталардан эшитиб келган бутун бошли авлод энди буларнинг барини ўз танасида ҳис қилишга мажбур бўлмоқда”, дейди у.
Спорт. Нилуфар Баёт ва Закия Худайдодий
Спорт мусобақалари – толиблар даврида хавф остида қолажак соҳалардан биридир. Эркаклар спортига кўп қаршилик қилинмаса керак, албатта (Толибон айрим спорт турларига хайрихоҳ, масалан, крикетга), лекин аёлларнинг аксари мусобақаларда қатнашишига йўл қўймасликлари аниқ – шариат қоидаларига кўра, аёл киши бегона эркаклар олдида танасини очиши ман қилингани учун.
2000 йилда Халқаро Олимпия қўмитаси Афғонистонга санкция қўллаши натижасида афғон спортчилари Сиднейга ҳатто нейтрал байроқ билан ҳам бора олмаган эди. Толибон қулагач, афғонлар барча ёзги ўйинларда иштирок этди, икки спортчи ҳатто медаль олишга ҳам муваффақ бўлди.
2020 йилги Олимпиадада 6 нафар афғон спортчи қатнашган бўлса, 24 августда бошланажак Паралимпия ўйинларига мамлакат терма жамоаси Кобулда юз бераётган воқеаларнинг айни авж палласида жўнаб кетиши керак эди. Табиийки, спортчилар жўнаб кета олмади.
Афғонистон паралимпия терма жамоаси раҳбари Ариан Содиқий 16 август куни Twitterда шундай ёзди:
“Афсуски, атлетларимиз ўз орзулари йўлида ошиб ўтиб бўлмас тўсиқларга дуч келишди. Ўйлайманки, биз ҳаммамиз қанақа оламда яшаётганимиз тўғрисида тафаккур қилишимиз лозим”.
Паралимпия терма жамоаси аъзолари бўлмиш икки аёлнинг тақдири¸ айниқса¸ жамоатчиликни хавотирга солмоқда. 17 август куни паралимпиячи баскетболчи Нилуфар Баёт толиблар уни уйига қамаб қўйишганини билдириб, мамлакатдан чиқиб кетишида Испания ҳукуматидан ёрдам сўради. Қиз уни умрбод ногиронлар аравачасига михлаб қўйган елка жароҳатини болалигида, уйларига ракета тушиб портлаши натижасида орттириб олган.
Афғонистоннинг баскетбол бўйича паралимпия терма жамоаси Токио ўйинлари саралашидан ўта олмаган, аммо афғон тхэквондочи йигитлари ва қизлари бунга муваффақ бўлган эди. Жумладан, 23 яшар Закия Худайдодий – Паралимпия ўйинларида иштирок этган биринчи афғон аёли бўлиши мумкин эди.
Ҳозирда Кобулда бўлган спортчи қиз раҳбари Ариан Содиқий орқали эълон қилган видеомурожаатида ёрдам сўраб, шундай ёлворади:
“Мени уйга қамаб қўйишди, ул-бул сотиб олиш ёки одамлар билан сўзлашиш учун ҳам остона ҳатлаб кўчага чиқа олмайман... Оилам Ҳирот шаҳрида яшайди, у ер ҳам толиблар қўл остида. Мен Кобулда қариндошларникида истиқомат қиламан: камбағал оила, ўз болаларини зўрға боқишади. Мен уларга ортиқча юкман. Барчангиздан ўтинаман, менга ёрдам қилинг. Токио-2020 Паралимпия ўйинларида иштирок этмоқчиман, илтимос, мадад қўлини чўзинг менга! Илтимос қиламан, барчангиз – айниқса бутун дунё аёллари, аёллар ташкилотлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – Афғонистон фуқаролари бўлмиш аёлларнинг Паралимпия ҳаракатида иштирок этиш ҳуқуқидан бу қадар осон маҳрум этилишига йўл қўйманг. Мен ушбу мақсадга етиш учун узоқ курашдим, шунинг ўзи катта ютуқ ва унга енгил қараш мумкин эмас. Аммо мен курашим зое кетишини хоҳламайман. Менга ёрдам беринг!”