Ўзбекистон жанубидаги энг йирик логистика терминали – “Термиз карго маркази” директори Нодирбек Жалилов 17 август куни ТАСС агентлигига берган интервьюсида Афғонистондаги вазият кескинлашганига қарамай, Тошкент ва Кобул ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар тез орада тикланишига ишонч билдирган эди.
Жалиловга кўра, Термиздаги “Ҳайратон” кўпригидаги назорат-ўтказиш пунктидан ҳар йили 5 миллион тоннагача юк ташилган бўлиб, уларнинг қарийб 70 фоизи Афғонистон орқали Покистон портларига олиб ўтилган.
Ўзбекистон Афғонистонга асосан ёнилғи-мойлаш материаллари етказиб берган, Афғонистон эса Ўзбекистон орқали Европага қуритилган мева сотган.
Аввалроқ Ўзбекистон ташқи савдо вазири Афғонистонга маҳсулот экспорти ҳажмини 3 млрд АҚШ долларигача етказиш кўзланаётгани ҳақида баёнот берган эди.
Қайд этилишича, Афғонистоннинг импорт бозори 6,5 млрд долларни ташкил этади. Ўзбекистон эса истиқболда ушбу бозорнинг ярмини эгаллаши мумкинлиги айтилган.
15 август куни “Толибон” ҳаракати пойтахт Кобул устидан тўлиқ назорат ўрнатганини эълон қилди. Бунинг ортидан Афғонистон президенти Ашраф Ғани истеъфо берди ва мамлакатни тарк этди.
Айрим норасмий манбалар Ўзбекистон–Афғонистон чегараси орқали юк машиналарини ўтказиш қайта йўлга қўйилгани айтилмоқда.
Аммо ҳозирча бу хабар расман тасдиқланмади.