Афғонистонда Толибоннинг ҳокимиятни эгаллаши ортидан жон сақлаш илинжида Ўзбекистонга қочиб ўтган 150 нафар афғон фуқароси ватанига қайтарилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги "Толибон" раҳбарияти билан келишув натижасида чегарани ноқнуний кесиб ўтган 150 нафар Афғонистон фуқароси ўз хоҳиши билан ватанига қайтарилганини билдирган.
Вазирликка кўра, “Толибон” раҳбарияти бу шахсларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик, тазйиқ қилинмаслигини ваъда қилган.
"Афғонистонга қайтган фуқаролардан олинган маълумотларга кўра, уларга нисбатан расмий процессуал чоралар кўрилгандан сўнг, уларнинг ҳаммаси уйларига қўйиб юборилган ва ҳозирда улар ўз оилалари бағрида тўлиқ хавфсиз ҳолда бўлиб турибди”, – дейилади ТИВ ахборотида.
Ўзбекистон Афғонистонга қайтариб юборган афғон фуқароларининг тақдири ҳақида Озодлик мустақил манбалар хабарига эга эмас.
Ўлим хавфи сабаб бошқа давлатдан қочиб ўтган одамларнинг ортга қайтариб юборилиши БМТ нинг Қочқинлар тўғрисидаги конвенциясига зиддир.
БМТнинг Қочқинлар идораси ҳам бу ҳақда ҳозирча баёнот бергани йўқ.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, айни пайтда 2 мингга яқин афғон ва хорижлик Тошкент орқали учинчи давлатларга олиб ўтилган.
"Ўзбекистон Республикаси қўшни Афғонистонда сақланиб турган мураккаб вазият муносабати билан, чет эллик ҳамкорларнинг мурожаатларига жавобан, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойилларига содиқлик руҳида қатор давлатлар билан уларнинг фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилиш масаласи бўйича яқиндан ҳамкорлик қилмоқда", - дейилади вазирлик баёнотида.
Ҳозирги вақтда Германия, Россия, Швейцария, Австрия, Дания, Польша, Словакия, Қозоғистон каби давлатлар билан аэропорт инфратузилмасидан фойдаланиш хизматларини тақдим этиш, ҳаво макони орқали учишга рухсат бериш, аэропортга учиб келиш, қўниш, зарур техник ва логистика ёрдами кўрсатилган.