АҚШ кучлари Афғонистон шарқида "Исломий давлат" гуруҳи ўрнашиб олган ҳудудларни ҳаводан нишонга олган.
Бу амалиёт Кобул аэропорти яқинида содир этилган худкушлик ҳужумидан икки кун ўтиб 28 август куни амалга ошди.
"Исломий давлат" масъулиятни зиммасига олган ҳужумда 170 га яқин афғон ва 13 америкалик аскари ҳалок бўлган эди.
АҚШ Марказий қўмондонлигининг маълум қилишича, Нангаҳор вилоятининг шарқий қисмига учувчисиз бошқариладиган дрон ҳужуми натижасида "Исломий давлат-Хуросон" гуруҳининг раҳбарларидан бири ўлдирилган.
"Учувчисиз ҳаво ҳужуми Афғонистоннинг Нангаҳор вилоятида содир бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, нишон аниқ бўлган", - деди Марказий қўмондонлик капитани Билл Урбан.
"Биз тинч аҳоли қурбонлари ҳақида билмаймиз", дея қўшимча қилган у ўз баёнотида.
АҚШ президенти Жо Байден Кобул аэропортидаги ҳудкушлик ҳужуми учун қасос олмай қўймасликлари ва уларнинг ортидан тушишларини айтган эди.