Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар агентлиги, Афғонистонда зўравонликлар кучайиши сабаб йил охиригача бу мамлакатни ярим миллионга яқин қочқин тарк этиши ва уларни қўллаб-қувватлашга шай туриш лозимлигини билдирди.
27 август куни БМТ Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги идорасининг маълум қилишича, Афғонистон "Толибон" қўлига ўтиши ортидан вазият "ноаниқ бўлиб қолмоқда ва қочқинлар оқими тез суръатлар билан ошиши мумкин".
Агентлик ҳисоб-китобларига асосланиб, фақат шу йилнинг ўзида можаро туфайли Афғонистонда 558 минг киши ўз уйини ташлаб кетишини билдирди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари ўринбосари Келли Клеменц, Женевада бўлиб ўтган брифингда, 500 мингга яқин янги қочқин "энг ёмон сценарий" эканлигини айтди.
Клеменцнинг айтишича, ҳар куни бир неча минг афғонистонлик Эронга ва бошқа давлатларга кетишда давом этмоқда.
"Афғонистонликларнинг катта оқимини биз ҳозирча кўрмаган бўлсак -да, Афғонистон ичидаги вазият кутилганидан тезроқ ривожланмоқда", - дея қўшимча қилди у.
БМТ Қочқинлар идораси Афғонистонга қўшни барча давлатлардан бошпана излаётган одамлар учун чегараларини очишни сўрамоқда.