Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятида ҳудуд фаоллари билан учрашувда Афғонистондаги вазиятга тўхталиб, мамлакат кучлари ҳар қандай вазиятга шай турганини айтди.
"Афғонистондаги вазият ҳаммамизни ўйга солиши табиий. Хавотир олманглар, мудофаа қудратимиз ҳар қандай вазиятга тайёр, вазиятни назорат қилиб турибмиз. Лекин мени ўйлантиргани - улар бизнинг жонажон қўшнимиз, улар ҳам кўчиб кета олмайди, биз ҳам", - деди Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари Афғонистонга ёрдам бериш мақсадида Ҳайратон кўприги ҳак қайта очилганини айтди.
"Мана, кечадан бошлаб жафокаш афғон халқига кўмак бўлиш мақсадида Ҳайратон кўпригини вақтинча ишга туширдик. Чунки Афғонистон халқи ҳозир ёрдамга муҳтож, агар улар тинчлик сари ҳаракат қилсалар, биз уларга кўмакчи бўламиз.
Бошқа давлатлардан келаётган озиқ-овқатни поездлар орқали етказиб берамиз, ўзимиз ҳам бунга ҳисса қўшамиз. Чунки Мозори Шариф шаҳрига ягона темирйўл биз орқали ўтади", - деди Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти Толибон раҳбарияти билан мулоқот қилишга ўзи буйруқ берганини таъкидлади.
"Улар билан мулоқот қилиш бўйича топшириқ бергандим. Уларнинг Доҳадаги раҳбари Биродар жаноблари ўшанда Ўзбекистон томонига бирорта ўқ отилмаслиги бўйича ваъда берганди. Ваъдасини бажараётгани учун ҳам улар билан мулоқот қилиб туришимиз табиий", деди президент Мирзиёев.
Ўтган ҳафта Ўзбекистон 150 нафар афғонистонлик қочқинларни Толибон билан музокаралар орқали ватанига қайтарганди. БМТ Қочқинлар ташкилоти Ўзбекистоннинг, ҳуқуқ фаолларига кўра, зиддиятли ушбу қарорига муносабат билдирмаган.
Ўзбекистонда БМТ Қочқинлар агентлигининг идораси йўқ, аммо ўтган ой ҳукумат делегацияси Женевадаги Қочқинлар бўйича Олий комиссарлик идораси билан музокаралар олиб борган эди.
Ўзбекистон яна 400 нафар афғонистонлик қочқинни қабул қилганини айтган.