Тошкентда милиция ходимини ҳақорат қилиб, унга қаршилик кўрсатган эркакка жиноят иши очилди.
Шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг билдиришича, Янгиҳаёт маҳалласида милиция ходими "шубҳали кўринган" эркаклар ёнига бориб ҳужжатларини кўраган, кейин ниқобсиз юрганини рўкач қилиб, уларнинг шахсини аниқлаш мақсадида ИИБга таклиф қилган.
Аммо йигитлар бу илтимосга жавобан қўпол тарзда қаршилик кўрсатиб, ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмаганлар, йигитлардан бири боши билан милиция ходимининг бурун қисмига зарба бериб, унга бадан шикасти етказган.
Янгиҳаёт тумани прокуратураси томонидан Т.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми («Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш») бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистонда Ички ишлар ходимлари ва фуқаролар ўртасида бу каби тўқнашувлар бўлиб туради.
Ўтган йили Қорақалпоғистонда милиция ходими маскаси йўқлиги учун фуқароларга куч қўллагани акс этган видео тармоқларда муҳокамага сабаб бўлганди.