Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси "Малика" савдо мажмуасида хавфсизлик хизматининг махсус ходимлари юргани акс этган видео юзасидан изоҳ берди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода савдо мажмуасида ниқобли махсус кучлар юргани кўринади.
"Малика" савдо мажмуасидаги баъзи савдогарлар профилактик суҳбат чоғида хавфсизлик ходимлари соқолини олишга мажбурлаганини айтишган.
"Бизни ҳудди жиноятчидай Шайхонтоҳур РОВДсига олиб бориб соқолимизни олишди", - деган савдогарлардан бири Озодликка.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодликка юборилган яна бир видеода кадр ортидан гапирган одам: "Маскалилар келди, соқоллиларни босишяпти, огоҳ бўлинглар!", дейди.
Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати пойтахтдаги "Малика" савдо мажмуасида профилактик тадбир ўтказилганини тасдиқлади.
"Шайхонтоҳур туманида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан "Хавфсиз шаҳар" концепцияси ижроси доирасида ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш, гиёҳвандлик воситаларининг тарқалишига барҳам бериш мақсадида профилактик тадбирлар ўтказилмоқда", - дейилади Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати билдирувида.
Тошкент шаҳар ИИББнинг Озодлик суҳбатлашган мулозими рейдлар "соқол"га қарши ўтказилмаганини айтди.
Бу "Малика" бозоридаги биринчи профилактик тадбир эмас.
Икки йил аввал Тошкентда жума намозидан сўнг ички ишлар ходимлари “Малика” савдо мажмуасида ўнлаб соқолли эркакларни тутиб олиб кетиб, соқолини олишга мажбурлагани норозиликларга сабаб бўлган ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқид қилинган эди.
Мавзуга алоқадор "Ташқи кўринишни мувофиқлаштириш". Тошкент ИИББ соқолга қарши рейд ўтказганини рад этмоқдаШу йилнинг февраль ойида ҳам “Малика” мажмуасидаги савдогарлар соқоли мажбурлаб олингани ҳақда Озодликка айтишганди.
Ўшанда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот котиби Ирини Сайфуддинова Озодлик билан суҳбатда бозорда савдогарлар соқоли мажбурлаб олинганини рад этаркан, "ҳеч ким соқолини олишга мажбурланмаслигини" таъкидлаган эди.
Сайфутдинова фуқароларга "ташқи кўринишларини биометрик паспортларидаги суратларга мувофиқлаштириш тавсия этилган бўлиши мумкин"лигини инкор қилмаган.
"Малика" бозорида "мажбурлаб соқол олиш тадбирлари" Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида халқаро ташкилотлар тарафидан нисбатан яхшилангани айтилаётган диний эркинлик вазиятига соя солди.
Ҳуқуқбонларга кўра, фуқароларнинг соқоли мажбуран олиниши инсон ҳуқуқлари поймол этилишини англатади.
Ўзбекистон расмийлари ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг диний рамз деб кўриладиган соқол ва ҳижобга қарши кампаниялари халқаро жамоатчилик, жумладан, АҚШ Давлат департаменти томонидан ҳам танқид қилиб келинган.