Ўзбекистонда бир суткада камида ўн минг қадам юрганларга 3 минг сўмдан бериш 14 сентябр кунидан тўхтади.
Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш бўйича “Соғлом турмуш тарзи” платформаси 1hls.uz мобил илова бўйича фойдаланувчиларга тўловлар вақтинча тўхтатилганини айтмоқда.
Вазирлик буни ғазна ҳисобварағига тушадиган тегишли даромадлар манбаларининг бир меъёрда доимий тушиш имконияти чекланганлиги билан изоҳлаган.
Мазкур шахсий ғазна ҳисобварағида 500,0 млн сўмдан кам маблағ қолса, мобил илова бўйича фойдаланувчиларга тўловлар, ушбу шахсий ғазна ҳисобварағида 5,0 млрд сўмгача маблағ йиғилгунга қадар автоматик тарзда тўхтатилиши белгилаб қўйилган.
“Бунда, шахсий ғазна ҳисобварағидаги маблағлар 5,0 млрд. сўмга етгунга қадар мобил иловада ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган фуқароларга тўланадиган тўловлар тўланмаслиги кўрсатиб ўтилган”, дейилади вазирлик хабарида.
Тўловлар қачондан қайта тикланиши ҳақида вазирлик баёнотида ҳеч нарса айтилмаган.
Ўзбекистонда юриш ва югуришни рағбатлантирувчи 1hls.uz иловаси шу йилнинг 10 июнида ишга туширилган эди.
Мазкур платформани ишлаб чиқиш тўғрисида президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг ноябрида махсус фармонни имзолаганди.
Режага кўра, ҳар ойда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўм, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга 1 млн сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилиши кўзда тутилганди.
Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлигига кўра, ўшандан буён бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ёш ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон фуқароларининг платформадаги электрон ҳамёнига жами 9,4 млрд сўм маблағлар тўлаб берилган.
Шунингдек, ҳар ойда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўмдан, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга қўшимча равишда 1 млн. сўм тўланиб, жорий йил июнь-август ойлари давомида жами 206,7 млн. сўм маблағ фойдаланувчилар электрон ҳисоб рақамига ўтказилган.