Мирзиёев Афғонистоннинг хориждаги музлатилган активларини қайтаришни таклиф қилди 

Толибон вакиллари Тошкентда, Ўзбекистон.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳрида ўтаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида Афғонистондаги гуманитар вазиятни ҳисобга олган ҳолда хориж банкларида музлатиб қўйилган афғон активларини қайтаришни таклиф қилди.

Гап август ўртасида "Толибон" қўлига тушмаслиги учун АҚШ томонидан музлатилган Афғонистон Марказий банкининг миллиардлаб долларлари ҳақида бормоқда.

Ўзбекистон раҳбарининг таъкидича, пулларнинг қайтарилиши Афғонистондаги гуманитар инқироз, қочқинлар оқимининг кўпайишига чек қўяди, шунингдек, мамлакатга ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беради.

Қўшма Штатлар Афғонистон ҳукуматининг Америка банк ҳисобларида сақланаётган захираларни музлатгани, бундан ташқари маблағлар толиблар қўлига тушмаслиги учун Афғонистонга катта миыдорда доллар етказишни тақиқлаган.

23 август куни Жаҳон банки ҳам Афғонистондаги лойиҳаларини молиялаштиришни вақтинча тўхтатган эди.

Халқаро валюта жамғармаси маълумотига кўра, Афғонистон Марказий банки 9,4 миллиард долларлик захира активларига эга бўлган.

Толибон ишғоли ортидан чет элга қочган Афғонистоннинг Марказий банки бошқарувчиси Ажмал Аҳмадий "Твиттер"да банкининг деярли барча захиралари чет элда жойлашган ва улар 9 миллиард доллардан кўпроқни ташкил қилади деб ёзган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон Толибон қўлига ўтишидан саноқли кунлар ўтиб, ўзбек халқининг тинчлиги учун, "ким бўлишидан қатъиназар, исталган томон билан гаплашиши"ни билдирганди.