Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам Афғонистондаги Толибон билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Бу ҳақда Бердимуҳамедов Россиянинг ТАСС агентлигига берган интервюсида маълум қилди.
У Афғонистонда ҳокимият транзити "кенг миллий мулоқот асосида тинч йўл билан амалга оширилади", деб умид билдирди.
Туркманистон Афғонистондаги Толибон билан ҳамкорлик қилиш ниятини билдирган Марказий Осиёнинг ягона давлати эмас.
Бундан олдин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиаёев ўзбек халқининг тинчлиги учун, " ким бўлишидан қатъиназар, исталган томон билан гаплашиши"ни билдирганди.
Ўзбекистон ҳам Туркманистон ҳам Афғонистон билан чегарадош. Иккала давлат президентининг келаси ҳафта Тошкентда учрашуви режаланган.
Марказий Осиёнинг Афғонистонга туташ яна бир давлати Тожикистон эса Толибонни тан олмайди.
"Тожикистон бу мамлакатда зулм ва таъқиблар йўли билан тузилган бошқа ҳукуматни тан олмайди", - дея яқинда баёнот берди Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонов.