Афғонистон пойтахти Кобул шаҳридаги Идгоҳ масжиди яқинида содир бўлган портлашда бир неча киши нобуд бўлди. Бу ҳақда Толибон ҳаракати вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид маълум қилган. Портлаш чоғида масжидда унинг онасининг жанозаси ўқилаётган бўлган.
Озодлик радиоси афғон хизмати толиблар ҳукумати вакилига сўзларига таянган ҳолда икки киши қурбон бўлганини хабар қилган. Яна икки киши ярадор бўлган. Tolo News мухбири маълумотига кўра эса, ҳалок бўлганлар саккиз киши, жароҳатланганлар эса йигирма кишини ташкил қилади. Бошқа нашрлар ҳодиса чоғида 12 киши қурбон бўлгани ҳақида ёзмоқдалар.
Ҳужум ортидан уч киши қўлга олинган. Портлаш учун масъулиятни ҳали ҳеч ким ўз зиммасига олганича йўқ.
ОАВ хабарларига қараганда, портлашдан сўнг толиблар билан “Ислом давлати” террорчилик гуруҳи жангчилари ўртасида отишма бўлган.
Яна маълум бўлишича, Жалолободда толиблар “Ислом давлати”нинг икки тарафдорини қатл этганлар. Афғон ОАВларида мақтуллар тўрт кишининг, жумладан бир маҳаллий журналистнинг ўлимига алоқадорлиги иддао қилинган.
Август ойида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган Толибон ҳаракати мамлакатда “Ислом давлати” жангарилари йўқлигини айтган эди, аммо бир неча кун аввал толиблар Нангархар вилоятида ушбу радикал гуруҳга қарши амалиёт бошлаган.