Толибон ҳукумати раҳбарининг ўринбосари Ўзбекистонга келди

Этник ўзбек Абдул Салам Ҳанафий Толибоннинг Қатардаги идораси раҳбарларидан  бўлган.

Афғонистондаги Толибон ҳукумати раҳбарининг ўринбосари вазифасини бажарувчи, этник ўзбек Абдул Салам Ҳанафий бошчилигидаги делегация 16 октябрь куни Термиз шаҳрига келган.

Ташриф Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг 2021 йил 7 октябрда Афғонистонга амалий ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга оширишга бағишланади, деди Ўзбекистон ТИВ расмий вакили Юсуфбек Қобулжонов.

Музокараларда Ўзбекистон томонига бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов бошчилик қилмоқда.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов шу ой бошида Кобулда Толибон ҳукуматининг ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий билан учрашганди.

Бу ҳақда Толибон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Абдулқаҳҳор Балхий 7 октябрь куни ўзининг Twitter саҳифасида хабар берди.

Билдирилишича, Ўзбекистон вазири Толибон билан транзит, энергетика ва савдо-сотиқ масалаларини муҳокама қилган.

Толибон 15 августда Афғонистон ҳукуматини босиб олганидан бери юқори даражали расмийси илк бора Ўзбекистонга сафар қилмоқда.

Этник ўзбек Абдул Салам Ҳанафий бундан олдин Толибоннинг Қатардаги идораси раҳбарларидан бўлган.