"Ҳудудгазтаъминот" акциядорлик жамияти (АЖ) матбуот хизмати, Ўзбекистонда 1 миллион 200 мингдан ортиқ истеъмолчининг табиий газдан дебиторлик қарзи 501 млрд сўмга етганини маълум қилди.
Расмий хабарга кўра, айрим истеъмолчилар табиий газ ҳақини вақтида тўламаётир, бунинг ортидан пеня ҳам ортаётир.
Жамият ҳозирги кунда аҳоли хонадонларида "Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизими"га уланган 2 миллиондан ортиқ "ақлли ҳисоблагич" ўрнатилганини маълум қилди. Аммо, яна 1 ярим миллион истеъмолчи эски намунадаги ҳисоблагичдан фойдланмоқда.
"Тез орада бутун мамлакатимиз бўйлаб „ақлли ҳисоблагичларни“ ўрнатиш ишлари якунланади. Янги ҳисобдонлар ишга тушгач истеъмолчига барибир қарздорлигини қоплашга тўғри келади. Бундан ташқари, асосий қарздорликни бартараф этиш билан бирга унга нисбатан ҳисобланган пеняни ҳам тўлаш талаб қилинади. Акс ҳолда истемолчи газ таъминоти тизимидан автоматик равишда узиб қўйилади", деб огоҳлантирди ташкилот.
Аммо, аҳолида табиий газ таъминоти ва йиғиладиган қарздорлик бўйича расмий баёнотларга қарши эътироз йиллардан буён кузатилади.
Куз ва қиш ойларида табиий газга уланган ҳудудларда унинг босими кескин пасайиши, шунга қарамай қарздорлик пайдо бўлишидан норози истеъмолчилар Озодликка муттасил равишда шикоят қилади.
Ўтган 2 йил давомида мамлакатда қишда кучли энергетик бўҳрон кузатилди, бу йил ҳам давом этиши айтилмоқда. Ҳозирданоқ Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларида газ етишмаслиги, шу боис, исинишнинг ягона воситаси бўлиб қолаётган кўмирнинг ўта танқислаша бошлагани кузатилмоқда.