Бухоролик тадбиркор Хуршид Турсунов 4 йилдан бери давом этаётган судлов боис бизнеси сингани, суд органлари эса унинг ҳуқуқларини тиклаб бермаётганидан шикоят қилди.
OzodMikrofon рукнига боғланган тадбиркорга кўра, 8 йил аввал бир фирибгар томонидан катта суммадаги ускуна савдосида алданган, буни суд тасдиқлаган, аммо ҳануз унинг молиявий зарари қоплаб берилмаётир.
Турсунов, бу ҳодисага қадар, хориждан қурилиш моллари ва сувсозлик ускуналарини келтириб улгуржа сотиш билан шуғуллангани, ишни банкдан катта миқдорда олган кредит билан бошлаганини айтади.
Х. Турсуновга кўра, Бухорода биринчилардан бўлиб, 1990 йиллардан тадбиркорлик бошлаган, маҳаллий корхоналарга шартнома асосида Россия, Украина ва асосан, Хитойдан турли ускуна, тахта-ёғоч ва метал келтириб бериш билан шуғулланган:
- 8 йил олдин наманганлик ўзини тадбиркорман, деб таништирган йигитга сув ускуналарни сотгандим. 4 йил пулини тўламади. Бу орада у йигит бу ускуналарни яна 2 марта бегоналаштирган, сотган. Хуллас, судда унинг айби тўлиқ исботини топди ва прокурор ускуна пулини ундириб беришни сўради. Лекин, афсуски суд эски ускунани қайтаришга қарор қилди. Қизиғи, мен сотган ускуна ҳозир йўқ. Умуман бошқа ускуна экспертизага тақдим қилинган ва ўшани қайтаришга ҳукм қилинган. Шундан бери, 16 минг АҚШ долларига сотилган ускуна ҳам йўқ, пули ҳам йўқ.
Айтишича, у ўз муаммоси билан марҳум президент Ислом Каримов, сўнгра эса тадбиркорларга улкан ваъдалар берган Шавкат Мирзиёев бошқаруви остидаги давлат идораларига муттасил мурожаат қилмоқда.
- 50 дан ортиқ марта президент Халқ қабулхонаси орқали давлат идоралари, Олий судга ариза киритдим, 4 йил ичида. Наманган ва Бухоро орасида оввораман, тадбиркорликдан ҳам қўлим совуган. Вақтида у пулни кредитга олгандим, кейин уни фоизи билан ёпдим. Уйим, автомобилимни сотдим, хуллас мулкимдан айрилдим. Президент сайлови арафасида қараб турибман, номзодлар суд тизимини ислоҳ қилиш ҳақида гапирармикин, деб. Бунақа гап йўқ, - дейди Х. Турсунов.
Қуйида бухоролик тадбиркор билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
****************************************************************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.
OzodMikrofon сизга мунтазир!
OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!