Ўзбекистонда картошка бир ҳафтада 43 фоизга қимматлади

Мева ва сабзавот бозоридаги аҳволни кузатиб борадиган East Fruit нашри ўтган бир ҳафта ичида Ўзбекистонда картошканинг ўртача улгуржи нархи 43 фоизга ошгани ҳақда хабар қилди.

2021 йил 14 октябрдан 21 октябргача бўлган даврда Ўзбекистонда картошканинг ўртача улгуржи нархи 3500 дан 5000 сўмга кўтарилган.

Ҳозирги нархлар даражаси эса 2020 йилнинг худди шу санаси билан таққослаганда 39% ва 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 2, 2 баравар юқоридир.

Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари 19 октябрь куни озиқ -овқат нархининг кўтарилишини жиловлаш учун ҳукумат бир қатор озиқ -овқат маҳсулотлари, жумладан, картошка импорти ва сотилишига ҚҚСни бекор қилишни маъқуллаган эди.

Қуйи палата депутатлари томонидан қабул қилинган ҳужжатга мувофиқ, жорий йилнинг 10 октябридан 31 декабригача гўшт (мол гўшти, қўй гўшти, товуқ гўшти), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотлар, картошка ҳамда музлатилган балиқни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, шунингдек уларни реализация қилиш бўйича айланмалари ҚҚСдан озод қилинади.

Ўзбекистонда паловдан ташқари деярли барча таомлар картошка солиб пиширилади. Шу сабабдан унинг нархи кўтарилиши кўп оилаларни танг аҳволга солиб қўйиши тайин.