Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати халқаро террористик ташкилотларга алоқадор кўрилиб, қидирувга берилган шахсни хориждан Ўзбекистонга олиб келганини маълум қилди.
ДХХ Ўзбекистонга олиб келинган шахснинг исмини ҳам қайси давлатда қандай қўлга олинганини ҳам очиқламади.
Идора матбуот хизмати хабарига кўра, И.О. 2014 йилнинг февраль ойида мавсумий ишлаш мақсадида Россияга борган ва интернет тармоғи орқали халқаро террористик ташкилотлар аъзолари билан алоқага киришган.
Натижада уларнинг таъсири остида рафиқаси билан бирга 2015 йилнинг март ойида Украина орқали дастлаб Туркияга, сўнгра Сурия ҳудудига ўтиб, "Ислом давлати" халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилган.
"Шу тариқа у 2015—2021 йиллар давомида Сурия ва Ироқ давлатларидаги террористик ташкилотлар сафида жанговар ҳаракатларда қатнашган. Шунингдек, у 2021 йилнинг сентябрь ойида Марказий Осиё давлатларининг бирида амалга оширилиши керак бўлган қўпорувчилик ҳаракатида иштирок этиши лозим бўлган", - дейилади ДХХ хабарида.
Ҳозирда И.О.га нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўтган ой Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари 1999 йилнинг 16 февраль ва 30 март кунлари Тошкент шаҳрида амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларига алоқадор бўлган ҳамда 23 йилдан буён қидирувда бўлган шахс хорижда қўлга олиб, Ўзбекистонга олиб келгани хабар қилинган эди.