АҚШ конгрессменлари Эмомали Раҳмонни Озодлик радиоси тожик хизмати журналистларига таҳдидларни тўхтатишга чақирди 

Ozodi Online TV program screenshot

АҚШ Конгрессининг бир гуруҳ аъзолари Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонга мактуб йўллаб, Озодлик радиоси тожик хизмати журналистлари ва уларнинг оилаларига нисбатан босим ва таҳдидларни тўхтатишга чақирган.

“Биз "Озод Европа/Озодлик радиоси"нинг (Озодлик радиоси) тожик хизмати ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан таъқиб ва қўрқитиш ҳолатлари ҳамда ҳукуматингиз томонидан қўлланилаётган кўплаб тўсиқлардан хавотир билдириш учун ёзмоқдамиз бу хатни", - дейилади АҚШ Конгрессининг саккиз аъзоси тарафидан ёзилган мактубда.

“Ҳукуматингиз демократик қадриятлар ва сўз эркинлигини эътироф этиш тўғрисидаги баёнотларига қарамай, Озоди радиоси журналистлари ва уларнинг оила аъзолари жиддий босимларга дучор бўлмоқда, ҳатто таҳдидларга юз тутмоқда” дея огоҳлантирилган хатда.

Америкалик конгрессменлар Тожикистонда Озодлик радиоси тожик хизмати журналистлари дуч келаётган тазйиқлар, жумладан, журналистларнинг иш жойи ва уйларига тез-тез бостириб бориш, мухбирларга тўғридан-тўғри босим ўтказиш ва уларнинг қариндошлари орқали Озоди билан ишлашни тўхтатишга уринишлар ва аккредитация билан боғлиқ чекловларни санаб ўтишган.

“Масалан, ҳозирда аккредитация чеклови камида саккиз нафар журналистнинг Озоди радиоси билан ишлаш қобилиятига таъсир қилмоқда”, дейилади мактубда.

“Матбуотнинг тўғри ва мустақил фаолият юрита олиши эркин жамиятнинг муҳим таркибий қисмидир ва биз мамлакатингизда оммавий ахборот воситалари эркинлигини яхшилаш ва сақлашда ҳамкор бўлишга умид қиламиз”, - дейилади АҚШ Конгресси вакилларининг Раҳмонга йўллаган мактубида.

Шунингдек хатда конгрессменлар журналистларга давом этаётган босимлар АҚШ-Тожикистон муносабатларига муаммо туғдириши мумкинлигини ҳам эслатишган.