Қирғизистонда 15 киши "ҳокимиятни куч билан эгаллашга уриниш"да гумонланиб ҳибсга олинди

Қирғизистон давлат хавфсизлик қўмитаси мамлакатда "ҳокимиятни куч билан эгаллашга уриниш"нинг олди олингани ҳақда маълум қилди.

“Алоҳида бузғунчи кайфиятдагилар орасида парламент депутатлари ва собиқ юқори мансабдаги амалдорлар раҳбарлигидаги шахслар бор. Бу гуруҳнинг жиноий фаолиятига оид рад этиб бўлмас далиллар олинди. Маълум бўлишича, ушбу гуруҳ бўлажак парламент сайловлари натижалари эълон қилинганидан сўнг алоҳида сиёсий кучлар, жумладан, сайловда мағлуб бўлганларнинг қўллаб-қувватлаши остида вазиятни кескинлаштириш, ҳуқуқ-тартибот кучлари билан тўқнашувлар уюштириш ва келгусида ҳокимиятни куч билан эгаллаш мақсадида Бишкекда оммавий норозилик намойишлари ўтказишни режалаштирган”, — дейилади қўмита матбуот хизмати хабарида.

Қўмитанинг қайд этишича, оммавий норозилик намойишларини ташкил этиш учун мингга яқин тажовузкор кайфиятдаги ёшлар саралаб олинган, улар билан мафкуравий ишлар олиб борилган, оммавий тартибсизликлар уюштириш режаси муҳокама қилинган.

Тинтувлар жараёнида ўқотар қуроллари, ўқ-дорилар ва гиёҳвандлик моддалари топилган.

Ушбу гуруҳнинг 15 дан ортиқ фаол аъзоларини ҳибсга олиш ва жавобгарликка тортиш бўйича қарор қабул қилинган.

Қўмита қўлга олинган ва давлат тўнтариши уринишида гумонланаётган шахсларнинг исмларини очиқламаган.

Аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров айрим сиёсатчилар мамлакатда қуролли тўнтаришни амалга оширишни режалаштираётганини айтганди.

“Уларнинг барчасини биламиз. Далиллар тўпланди. Сайловлардан сўнг (28 ноябрда парламент сайловлари бўлиб ўтади) уларга нисбатан кескин чоралар кўрилади”, — деганди Жапаров.