Олий Мажлис депутати Марказий Банкни "қора бозор"га йўл очиб бераётганликда айблади

Танқидий чиқишлари билан танилган Ўзбекистон Олий Мажлисининг депутати Расул Кушербоев Марказий банкни дам олиш кунлари валюта айинбошлаш шохобчалари ишламаслиги туфайли одамларни валютани "қора бозорда" алмаштиришга мажбур қилаётганликда айблади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси бўлган Кушербоев 27 ноябр куни Facebook`даги саҳифасида жонли эфирга чиқиб, ўзи яшайдиган Янгийўл шаҳрида бир соат давомида валюта айирбошлаш шохобчасини қидиргани, бироқ, уларнинг барчаси ёпиқ эканлигини айтди.

Кейин депутат гувоҳлар иштирокида 50 долларни "қора бозор"да алмаштирди.

"Ҳар қандай вазиятда ҳам фуқаролар ҳуқуқбузарлик қилмасликлари учун уларни шуни қилишга мажбур қилувчи барча сабаблар бартараф этилиши шарт", — дея таъкидлади депутат.

"Одамларнинг шанба кунлари кўпроқ бўш вақти бўлади ва нарса харид қилишга чиқиши мумкин. Туристларни ҳам вақти бўлса шу кунлари айланади. Лекин бизнинг банкларимизнинг валютани айирбошлаш шохобчалари шанба, якшанба кунлари ишламас экан. Марказий банкимизнинг шу муаммони ҳал қилиб бермай шу пайтгача юрганига қойил қолсангиз бўлади", — дея қўшимча қилади Куширбоев.

Ҳозирча Ўзбекистон Марказий банк расмийларидан депутатнинг танқидларига муносабат билдирилгани йўқ.

Аввалроқ Марказий банк 2021 йил 11 ноябридан хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилаган, унга мувофиқ, доллар курси 10 минг 715 сўм 30 тийин қилиб кўрсатилган эди.

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк уни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олган эмас.