Қирғизистонда парламент сайлови бўлиб ўтди, овозлар ҳали охиригача ҳисоблангани йўқ, аммо сайлов атрофидаги тортишувлар тобора қизимоқда. Сайловнинг дастлабки натижалари устида қаттиқ тортишаётган мухолифатдаги “Ата Мекен” партияси етакчисига ҳужум қилиниши эса гўё оловга мой сепгандек бўлди. Омурбек Текебаев билан юз берган бу воқеа уюштирилган, деган шубҳа бор.
“Бу сиёсий ҳужум эди. Сиёсий террорнинг ибтидоси бу”, деди қирғиз мухолифати етакчиси Омурбек Текебаев журналистлар билан мулоқотида.
1 декабрь куни Бишкекдаги “Парк Отель” яқинида бир тўда ёшлар томонидан қуршаб олиниб, ҳақорат қилинган ва бир неча зарба еган Текебаев воқеани ОАВ вакилларига шундай изоҳлади.
Текебаевнинг юзида калтак излари қолган. У мухолифатнинг бошқа раҳбарлари билан учрашиш учун меҳмонхонага келганида бегона одамлар уни қўққисдан ўраб олиб, 28 ноябрь куни ўтган сайлов натижаларидан норозилигини важ қилиб, унга ўшқиришганини айтди.
Текебаев ҳамда мухолифат партияларининг бошқа вакиллари Марказий сайлов комиссияси (МСК) сайти ишламай қолганида овоз бериш натижалари сохталаштирилган, дея гумон қилмоқда.
28 ноябрь куни, қарийб 70 фоиз овоз саналган пайтда Текебаевнинг “Ата Мекен” партияси 6.16 фоиз олган, яъни парламентга ўтиш учун зарур 5 фоизлик тўсиқдан ошганди.
МСК сайтида юз берган носозлик туфайли овоз бериш натижалари тахминан 40 дақиқа кўринмай қолди. Сайт қайтадан ишга тушганида эса овозларнинг 90 фоизи ҳисоблаб бўлинган, аммо энди Текебаев партиясининг улуши 5 фоиздан пасайиб кетганди.
Қолган уч мухолиф партия ҳам парламентга ўтиш имкониятидан маҳрум бўлди.
Ўшандан бери Текебаев МСКни ҳаммадан кескинроқ танқид қилар ва ҳукуматни мухолифатнинг парламентдаги қонуний жойини қаллоблик билан тортиб олганликда айблар эди.
У ҳужумга йўлиққанидан кейиноқ бу ҳақда журналистларга сўзлаб берди, безорилар телефони ва кўзойнагини ўғирлашганини айтди.
Қирғизистон президенти ва Текебаевнинг рақиби Садир Жапаров у билан учрашди, унга ҳужум қилганларни топиб, қўлга олиш хусусида ИИВга топшириқ берди.
Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдил Байсалов “Қирғизистонда сиёсий зўравонликка йўл йўқ”лигини таъкидлаб, мухолифатчига ҳужумни синчкилаб тергов қилишга чақирди.
Гумонланувчи ўша куни-ёқ ушланди. Ёнидан Текебаевнинг телефони чиқди, уни талончиликда айблашмоқда.
Ҳужум қилишга буйруқ Жапаров ёки бошқа баланд мартабали мулозим тарафидан берилганига шубҳа бор, аммо гумонланувчи тариқасида биргина одам ушлангани ва уни ҳам фақат талончиликда айблашаётгани милиция ушбу воқеани жиддий қабул қилмаётганидан дарак беради.
Гувоҳларга кўра, Текебаев сайлов натижалари устидан шикоят қилиш учун кейинги хатти-ҳаракатларни муҳокама қилиш мақсадида бошқа мухолифатчилар билан учрашувга келишидан бир оз олдин норозилик акцияси ўтказилаётган МСК биноси ёнига ўнлаб ёш йигитлар ўтирган икки автобус келиб тўхтаган.
Видеоёзувларда Текебаевнинг йигитлар билан тортишгани ва улардан камида биттаси уни уришга ҳаракат қилаётгани кўринади.
Текебаевнинг айтишича, милиция ўша атрофда бўлган, лекин аралашмаган.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси, Жапаровнинг кўп йиллик сафдоши ва Қамчибек Ташиев воқеани жиддий қабул қилмаганга ўхшайди. Унга қолса, Текебаевга ҳужум қилишмаган, “уришган холос”.
Ташиев унинг назарида ҳужум қандай бўлишини аниқлаштирмаган.
Бироқ унинг бундай совуққонлиги мамлакат расмийлари Текебаевнинг мухолифат вакиллари билан учрашув жойига йигитларни элтиб қўйган автобусларни ким буюртирганини, қўлга олинган ёлғиз гумонланувчидан бошқа яна кимлар меҳмонхона ёнида Текебаевни қуршаб олганини аниқлашга рағбат билдирмаётганини кўрсатади.
Дастлабки маълумотларга кўра, гумонланувчи 23 ёшли Ибиш Эшпаев бўлиб, у Тўқмоқ шаҳри яқинидаги қишлоқда туғилган.
Тўқмоқ шаҳар кенгаши депутати Чўлпон Сидиқова 24.kg сайти мухбирига Эшпаев Тўқмоқ шаҳри мэри Ўрмат Самаевнинг ҳайдовчиси эканини айтган.
Самаев kaktus.media нашрига берган интервьюсида гумонланувчи шахс билан танишлигини тасдиқлаган, аммо “Тўқмоқ аҳолисининг 70-80 фоизи” Эшпаевни танишини қўшимча қилган. Бироқ у Эшпаев унинг ҳайдовчиси эканини инкор этмоқда.
Текебаевга ҳужум овозларни қўлда санаш давом этаётган пайтда Қирғизистон учун мутлақо кераксиз воқеа бўлди.
Овозлар сонининг тахминан учдан икки қисмини қайта ҳисоблаш якунларига кўра, афтидан, натижалар – мухолифат норозилик билдирган аввалги электрон ҳисоблаш натижалари билан қарийб бир хил.
Бундан мухолифат вакилларининг боши кўкка етмаслиги аниқ, чунки улар ҳукумат ва МСКни овозларни ҳисоблаш натижаларини сохталаштирганликда айблашмоқда.
2020 йилнинг октябрида бўлиб ўтган муваффақиятсиз парламент сайлови натижалари Қирғизистон ҳукумати ва президентининг иқтидордан кетишига олиб келган эди.
Бир йилдан сўнг ўтказилган қайта сайлов эса, Жапаров таъбирича, мамлакат турфа ихтилофларсиз ҳалол сайлов ўтказишга қодирлигини дунёга намойиш этиши керак эди.
Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Отунбаева Озодликнинг қирғиз хизматига берган изоҳида Текебаевга қилинган ҳужум “президентнинг обрў-эътиборига путур етказган”ини таъкидлаб, бу “дунё учун катта янгилик” бўлишини айтди.