14 декабрь куни Гомель шаҳридаги тергов изоляторида “Тихановский иши” бўйича ҳукм эълон қилинади. Суд 24 июнда бошланган эди, мажлислар тергов изоляторининг ўзида, ёпиқ тартибда ўтказилди. Жиноят иши фигурантлари қўлга олиниб, ҳибсда тутилаётганига бир ярим йилдан ошди.
Уларнинг барчаси – блогер Сергей Тихановский, сиёсатчи Николай Статкевич, Озодлик радиоси беларус хизмати медиа маслаҳатчиси Игорь Лосик, минсклик блогер Владимир Циганович, “Страна для жизни” ютуб-канали оператори Артём Саков ҳамда ушбу каналнинг ижтимоий тармоқлар модератори Дмитрий Попов – бир неча модда бўйича, жумладан ижтимоий адоватни қўзғаш ва оммавий тартибсизликларни уюштиришда айбланмоқда. Улар 12 ва 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Мавзуга алоқадор Беларусь: мухолифатчи Сергей Тихановскийга учинчи бор айблов билдирилди
Суд жараёни ҳақида нималар маълум?
Суд жараёни тафсилотлари ва якуний айблов айбланувчиларнинг қариндошларига ҳам, ҳуқуқбонларга ҳам махфийлигича қолмоқда, чунки адвокатлар тергов ва суд ишига доир маълумотларни ошкор қилмаслик ҳақида тилхат беришган. Шунингдек, Игорь Лосикка қўйилган учинчи модда ҳам номаълум.
Айбланувчиларнинг оила аъзолари ва яқинлари суд мажлисларида қатнаша олишмади, нодавлат ОАВлардан ҳеч бирига жараённи ёритиш имконияти берилгани йўқ.
Николай Статкевич иш тўлиқ сохталаштирилган, деб ҳисоблаб, суд мажлисида иштирок этишдан бош тортган. Рафиқаси Марина Адамович маълум қилишича, Статкевич бу тўғрида суд жараёни бошланишидан олдин ариза орқали билдирган.
Сентябрда ишни кўраётган судья алмаштирилди. Илгари аксар сиёсий ишларни кўрган, аммо, Озодликнинг беларус хизматига кўра, энг оғир жазо тайинлашдан тийилган Николай Бакунов ўрнига жараённи Николай Доля давом эттирди. Судья алмаштирилиши сабаби очиқланмаган.
Сергей Тихановскийни ҳимоя қилган адвокат Наталья Мацкевич октябрь ойида адвокатлар ҳайъати аъзолигидан чиқарилди. Тихановский бунга қуйидагича муносабат билдирди: “Мазкур қарор мени ҳимоядан маҳрум этади. Зеро, боз устига суд ҳам ёпиқ тартибда ўтмоқда ва мен на гувоҳларни чақириш, на далилларни ишга қўшиб қўйиш имконига эгаман. Адолатсизлик шу қадар!”
Ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар бўйича БМТ ишчи гуруҳи Сергей Тихановскийнинг қонунга хилоф равишда қамоққа олингани ва номақбул шароитда ҳибсда сақланаётганлиги ҳақидаги шикоятини ўрганиб чиқиб, Беларусь ҳуқуқ идоралари Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт қоидаларини бузган, деган хулосага келган. Беларусь ушбу халқаро ҳужжатни ратификация қилгани боис, БМТ ишчи гуруҳи мамлакат ҳукуматига Сергей Тихановскийни зудлик билан озод этиш ва ҳуқуқлари бузилгани учун унга товон тўлаш, шунингдек Тихановскийнинг ўзбошимчалик билан ҳибсга олинишига олиб келган ҳолатларни тафтиш қилиш талабини қўйди.
Мавзуга алоқадор Беларусда намойишлар 4 ойдан бери тўхтамаяптиАйблов
Беларусь Тергов қўмитасига кўра, судланувчилар “сайловдан кейин мамлакат ҳудудида оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўриш ва уларни уюштириш билан узоқ вақт мобайнида фаол тарзда шуғулланган”. Тихановский эса Yotube ва Telegram’даги “Страна для жизни” канали орқали “ҳокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакилларига нисбатан зўравонлик қилишга очиқ даъват этган, шунингдек ўз фикрлари билан жамиятда ижтимоий адоват ва низо чиқарган”.
“Содир этилган жиноятлар билан Nexta, “Беларусь головного мозга” ва бошқа телеграм-каналлар воситасида жамоатчилик онгини заҳарловчи экстремистлар фаолияти ўртасида бевосита боғлиқлик мавжудлигига далиллар йиғилдики, бу жиноят иши, тезкор-қидирув фаолияти материаллари, тилшунослик ва психологик экспертизалар хулосалари билан тасдиқланган”, дейилади Тергов қўмитаси хабарномасида.
Қўмита иддаосига кўра, “уларнинг чақириқларидан руҳланган ва ўзларининг жазосиз қолишига ишонган” ўнлаб кишилар оммавий тартибсизликларда фаол иштирок этишган.
Тергов идораси Тихановский ва сафдошларининг хатти-ҳаракатларидан етказилган зарарни 3.5 млн беларус рублига (тахминан 1.4 млн доллар) баҳоламоқда. Айбланувчиларнинг мол-мулклари ва банк ҳисоблари хатланган.
Бундан ташқари, Беларусь ТҚ аввалроқ “Тихановский иши”дан 25 кишига нисбатан тўққизта жиноят иши алоҳида ажратилганини ва уларнинг аксарияти аллақачон судланганини маълум қилди. Тергов идораси фикрича, улар “Сергей Тихановский билан тил бириктирган ҳолда” ҳаракат қилганлар. Айбланувчилар айбларига иқрор бўлишмаган.