ЕИ Россияни Украинага қарши ҳарбий тажовузининг “жиддий оқибатлари” дан огоҳлантирди

ЕИ етакчилари 16 декабр куни Брюсселда ўтган бир кунлик саммит якунида.

Евроиттифоқ етакчилари Украинага қарши ҳарбий тажовуз содир бўлса, Россияни бунинг “жиддий оқибатлари ва катта тўлови” бўлиши ҳақида огоҳлантириб, кескинликни юмшатиш учун дипломатияга қайтишга чақирди.

“Украинага қарши кейинги ҳар қандай ҳарбий тажовуз жиддий оқибатларга олиб келади ва бу учун Россия катта товон тўлайди". Буюк Британия ва AҚШ билан биргаликда Россияга қарши “чекловчи чоралар” қўлланилиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилган ЕИ етакчилари 16 декабр куни Брюсселда ўтган бир кунлик саммит якунида.

AҚШ, Европа Иттифоқи ва Украина Россия билан чегара яқинида рус қўшинлари тўпланишидан хавотир билдириб, буни босқин учун тайёргарлик сифатида кўрмоқда.

“Европа Кенгаши Россиянинг Украина билан чегарасида ҳарбий кучлар тўпланиши ва агрессия туфайли юзага келган кескинликни зудлик билан тўхтатиши зарурлигини таъкидлайди”, дейилади саммит якунидаги баёнотда.

ЕИ Россияни яна 2014-2015 йиллардаги Нормандия формати ва Минск келишувларига, шунингдек, Германия ва Франция воситачилик қилган Украина шарқидаги можарога сиёсий ечим топиш учун тузилган платформага қайтишга чақирди.

Москва эса Россия Украинага бостириб киришни режалаштираётганини рад этиб, бир қатор талабларни қўйган. Жумладан, юзага келган зиддиятни ҳал қилиш учун AҚШ билан тўғридан-тўғри мулоқот ва Украина кун келиб НAТОга аъзо бўлмаслигини кафолатлашни сўради. Украина Россия ва Ғарб ўртасидаги асосий бурилиш нуқтаси бўлиб қолмоқда, бироқ Москванинг иттифоқчиси Беларус ҳам ўтган йилдан бери тобора кучайиб бораётган муаммога айланди.