АҚШ Сенатининг халқаро муносабатлар қўмитаси аъзоси, республикачи Жим Риш Москва томонидан илгари сурилган хавфсизликка доир таклифлар Россия “уруш чиқариш учун баҳона” қидираётганидан дарак беришини айтди.
Сенаторга кўра, Россиянинг таклифлари аслида хавфсизлик бўйича келишув эмас, балки Путинни тинчлантириш учун АҚШ ва НАТОдан талаб қилинаётган ёнберишлар рўйхатидир.
Россия ТИВ 17 декабрь куни эълон қилган битимлар лойиҳасида НАТОнинг шарққа кенгайтиришни бас қилишга ҳамда альянснинг Шарқий Европадаги фаоллигини, жумладан Украина ва Грузия билан ҳамкорлигини чеклашга чақирилган.
“Россия бу талабларни илгари сураркан, улар қабул қилинмаслигини жуда яхши тушуниб турибди. Путин АҚШ ва унинг 29 иттифоқчиси Украина каби суверен давлатларнинг келажаги борасида у билан музокара олиб бормаслигини билади”, деди Риш.
Сенатор АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятини ва НАТОдаги барча иттифоқдошларни Россия талабларини рад этишга чақирди.
Шу билан бирга, у НАТОни ҳушёрликка чорлаб, альянс Ғарбнинг рад жавоби Путин тарафидан ҳарбий куч қўллаш учун баҳона ўлароқ фойдаланилишига шай туриши лозимлигини таъкидлади.