Президент Шавкат Мирзиёев "Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Адлия вазирлигининг хабар қилишича, мазкур қонун билан киритилган ўзгартишлардан бири фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун махсус рента солиғи жорий этилганидир.
Қимматбаҳо, рангли ва радиоактив металларни, нодир элементларни ва нодир ер элементларини қазиб олувчи ва уларни техноген минерал ҳосилалардан ажратиб олувчи, углеводород хомашёсини қазиб олувчи юридик шахслар фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун махсус рента солиғини тўлайди.
Мазкур солиқ ставкаси солиқ базасига нисбатан 25 фоиз миқдорида белгиланди. Чет эл инвесторлари солиқни АҚШ долларида тўлаши мумкин.
Бундан ташқари, тамаки ва алкогол маҳсулотларига нисбатан ҳам янги солиқ ставкалари белгиланди.
Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ 2 фоиздан 1,5 фоизга, қурилиши норматив муддатда тугалланмаган объектларга нисбатан 4 фоиздан 3 фоизга камайтирилди.
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар мулкида бўлган мол-мулк солиқ солишдан озод этилади.
Республика туманларида (бундан Тошкент шаҳри мустасно) фаолиятни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси 2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар БҲМнинг 50 фоизи миқдорида қўлланилади.