Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 январ кунги ҳукумат мажлисида ҳоким ёрдамчилари унинг жойлардаги вакиллари эканини айтди.
Мирзиёевнинг таъкидлашича, унинг "маҳаллабай ишлаш" сиёсати натижасида ўтган йили ялпи ички маҳсулот 7,4 фоизга ўсган.
"Ҳудудларда 100 мингта янги тадбиркор иш бошлади. Ўзини ўзи банд қилганлар сони 700 мингга кўпайиб, 1,2 миллионга етди.
“Маҳаллабай” ишлаш тизими орқали “темир дафтар”даги 583 минг эҳтиёжманд оила доимий даромад билан таъминланди", - деди Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев кўрсатмаси билан ҳоким ёрдамчиси лавозими таъсис этилди.
Бундан ташқари, ҳар бир туман ва шаҳарга вазирлик, марказий идоралар ва банклардан 1-3 нафардан масъул ходим ҳам бириктирилади.
Ўзбекистонда бюджет тақчиллиги ва пандемия шароитида солиқ тўловчилар ҳисобидан миллионлаб сўм ойлик тўланадиган янги лавозимларнинг таъсис этилиши танқидларга сабаб бўлганди.
Ўзбекистон раҳбарига кўра, янги йилдан 9 минг 309 нафар ҳоким ёрдамчилари иш бошлаган ва уларга кўмак бериш учун вазирликлардан 300 нафар раҳбар-ходимлар хизмат сафарига юборилган.
"Эндиликда ҳоким ёрдамчилари, энг аввало, ишлаш имконияти ва хоҳиши бор, лекин шароити оғир оилаларни ўқитиш ва ўз ишини бошлаши учун имтиёзли кредит, субсидия ёки деҳқон хўжалиги учун уларга ер майдонлари ажратиш масалалари билан шуғулланади.
Ҳоким ёрдамчилари аҳоли билан ҳар куни ишлаб, одамларга давлат томонидан яратилган молиявий имкониятларни етказиши, тадбиркорликка ва деҳқончиликка ўргатиш орқали уларни камбағалликдан чиқариши лозим.
Бу мақсадлар учун жорий йилда 10 триллион сўм имтиёзли кредит ва 2,5 триллион сўм субсидия ажратилади", - деди Мирзиёев.