Андижондаги перинатал марказ ҳовлисида азим дарахтлар кесиб ташланган

Андижон ҳокимлиги вилоят перинатал маркази ҳовлисида ўндан ортиқ дарахт кесиб ташлангани ҳолатини назоратига олгани, конун бузилиш ҳолатлари аниқланган такдирда айбдорларга қонуний жазо чоралари кўрилишини маълум қилди.

15 январь куни ижтимоий тармоқларда перинатал марказ ховлисида ўндан зиёд азим дарахтлар кесиб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалди.

Хабарларда дарахтларни кесиш вилоят ҳокими буйруғи асосида амалга оширилгани айтилган.

Андижон вилоят ҳокимлиги хеч ким дарахтларни кесиб ташлаш тўғрисида буйруқ бермаганини билдирди.

"Ҳозирги кунда вилоят перинатал марказида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Қурилиш лойихасига кўра, хозирги кунда ҳудудда 180 дан ортиқ манзарали дарахт ва кўчатлар экиш ишлари амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари хеч ким дарахтларни кесиб ташлаш тўғрисидаги буйруғини бермаганлигини маълум қиламиз", - дейилади ҳокимлик баёнотида.

Айни пайтда мазкур ҳудуддаги дарахтларни кесишга қонунчиликда белгиланган тартибда экология органи рухсатнома бермагани ўртага чиқмоқда.

Қурилиш объекти Давлат инвестиция дастурига киритилган бўлиб, ташкилот раҳбарияти томонидан унинг ҳудудидаги дарахтларни кесишга рухсатнома олиш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилинган. Лекин ушбу мурожаат натижасини кутмасдан, 15 январь тунда 12та дарахт кесилган.