Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳамкорликда амалга оширилган тезкор тадбир чоғида “Тавҳид ва жиҳод катибати” номли террорчилик ташкилотининг бир гуруҳ аъзоси ушланган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси мазкур амалиёт қайси куни ўтказилганига аниқлик киритган эмас.
ИИББ вакиллари иддаосига кўра, қўлга олинган шахслар пойтахт ҳудудида жамоавий йиғинларни ўтказиб, келгусида Сурия ҳудудида фаолият юритаётган террорчилик ташкилотларининг сафига қўшилишни режалаштириб келишган.
“Аниқланган “Тавҳид ва жиҳод катибати” тарафдорларининг сони 30 нафарга яқин бўлиб, ёшлардан иборат эканлиги, уларнинг айримлари Андижон, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидан Тошкент шаҳрига ишлаш мақсадида келганликлари маълум бўлди”, дейилган хабарномада ТЖК Олий суднинг 2016 йил 26 сентябридаги қарорига асосан террористик ташкилот деб топилгани ва Ўзбекистон ҳудудида унинг фаолияти тақиқланганини эслатилган.
Тошкент шаҳар ИИББ айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан мамлакат Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилаётганини қўшимча қилган.