Тошкент ҳайвонот боғида айиқ қафасига ташлаб юборилган қизалоқ қутқарилди

Тошкент ҳайвонот боғидаги айиқ. 23 сентябрь, 2012. Иллюстратив сурат.

28 январь куни Тошкент ҳайвонот боғида айиқ қафасига ташлаб юборилган қизалоқ қутқарилди. Бу ҳақда Тошкент ҳайвонот боғи матбуот хизмати ўзининг Телеграм-каналида хабар берди.

Тошкент вақти билан соат 12:00 ларда юз берган ҳодисада "Зузу" лақабли Кавказ йўнғир айиғи қизалоққа тегмагани, у фақат 5 метр баландликдан тушиш натижасида жароҳат олгани айтилади.

Хабарда айтилишича, қизалоқ "ёш аёл томонидан бошқаларнинг кўз ўнгида" ташлаб юборилган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов "Тошкент ҳайвонот боғида она 3 ёшли қизини айиқлар вольерига ташлаб юборганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми “в” банди (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилгани"ни маълум қилди. Хабарда айтилишича, гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.

Ҳайвонот боғи маъмуриятига кўра, ҳодисага гувоҳ бўлган одамлар ва ходимлар аёлни тўхтатиб қолишга уринганлар, аммо бунинг имкони бўлмаган.

"Бу ҳодиса айиғимиз Зузу инсонларга нисбатан дарғазаб бўлмаган, вазмин йиртқич эканлигини намоён қилди", дейилади Тошкент ҳайвонот боғининг хабарида.