Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзбекистонлик блогер Фозилхўжа Орифхўжаевнинг қамоқхонада қийноқлар ва шафқатсиз муносабатда бўлингани ҳақидаги даъволарини ҳукумат идоралари текширмагани ҳақида баёнот берди.
Ижтимоий тармоқларда Аброр Мухтор Алий тахаллуси остида зиддиятли чиқишлари билан танилган Аброр Абдуазимов билан Тошкентдаги “Тўхтабой” масжиди олдида бўлиб ўтган тортишув ортидан қўлга олинган блогер Фозилхўжа Орифхўжаев 26 январ куни 7 ярим йилга қамалган эди.
Тошкентнинг Олмазор туман суди 41 ёшли блогерни “оммавий ахборот воситалари, телекоммуникациялар ёки интернетдан фойдаланган ҳолда жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш ёки намойиш қилиш”да айбдор деб топган.
Human Rights Watch ташкилоти, Тошкентдаги суд Орифхўжаевни “кўп одамлар Facebook да ҳар куни қиладиган иш - беозор хабарлар жойлаштиргани учун” қамоққа ҳукм қилган”, демоқда.
Адвокати Сергей Майоровга кўра, Орифхўжаевнинг соғлиги тергов ҳибсхонасида етти ой давомида ёмонлашган, бундан ташқари у 25 январ куни ўз ишидаги адолатсизликка норозилик билдириш учун очлик ҳам эълон қилган.
Майоров ҳам ҳибсхонада ўз мижозига ҳам жисмонан, ҳам руҳий жиҳатдан ёмон муносабатда бўлингани айтди.
Адвокати сўзларига кўра, сентябрь ойининг охирида милиция ходимлари Орифхўжаевнинг қўлига трубкага кишан боғлаб, уни 12 соатга яқин стресс ҳолатида ўтиришга мажбурлаган, бу эса унга чидаб бўлмас оғриқ келтирган.
HRW билдирувига кўра, расмийлар шу пайтгача бу холатларни текширмаган.
Инсон ҳуқуқлари ташкилоти Орифхўжаевга қўйилган барча айбловлар сиёсий дея, Ўзбекистон расмийларини бу айбловларни олиб ташлаш ва уни озод қилишга чақириб келади.