Россия Мудофаа вазирлиги 19 февраль, шанба куни президент Владимир Путин раҳбарлигида ядровий машқлар ўтказилишини эълон қилди.
Машқлар доирасида баллистик ва қанотли ракеталар учирилади. Машғулотларга Жанубий ҳарбий округ, шунингдек Шимолий ва Қора денгиз флотлари кемалари жалб этилади.
Ҳарбий бошқарув, жанговар расчётлар, экипажларнинг шайлигини ҳамда стратегик ядровий ва ноядровий қуролларнинг ишончлилигини текшириш режаланмоқда, дейилади вазирлик хабарномасида.
Аввалроқ Financial Times газетаси, ўз манбаларига ҳавола берган ҳолда, Москва режадаги ядровий машқларини куздан февраль ойига кўчиргани ҳақида ёзган эди. Нашр суҳбатдошлари буни НАТОни огоҳлантириш ўлароқ баҳолаб, Россиянинг Украина ҳудудига муҳтамал босқини билан боғлаганлар.
Россия ўтган йилнинг декабрида Украина билан чегаралари яқинида ҳарбий қудратини ошириши манзарасида АҚШ ва НАТОдан “хавфсизлик кафолатлари”ни талаб қилган эди. Январь ва февраль ойларида туркум музокара ва учрашувлар ўтказилиб, уларда Россиянинг талаблари ва Украинага ҳужум таҳдиди муҳокама қилинди.
АҚШ ва иттифоқчилари НАТОнинг очиқ эшиклар сиёсатидан воз кечмаслигини урғулаган ҳолда, ядровий қуролларни камайтириш, Европа шарқида зарбдор қуролларни жойлаштирмаслик ва бошқа масалаларни ўзаро муҳокама қилишга тайёрлигини билдирган.
Россия Украинага ҳужум қилишга ҳозирлик кўраётгани ҳақидаги барча айбловларни рад этиб келмоқда.