Россиянинг Украинага қарши уруши манзарасида урушнинг ҳар икки тарафидаги марказий осиёлик мигрантлар тақдири ҳам кун тартибига чиқди.
Аммо айни пайтда, мигрантларнинг уруш ҳаракатларига жалб этилиши эҳтимоли борасида огоҳлантиришлар янграмоқда.
Россия қонунчилиги хориж фуқароларига контракт асосида ҳарбий хизматга ёлланишга рухсат беради. Аммо Ўзбекистон қонунчилиги буни тақиқлайди.
Асосий хавотирлар Ғарб санкциялари остида қолган Россиядаги мигрантлар даромадлари тушиб кетиши ва улар устидан назорат кучайиши билан боғлиқ.
"Фарғоналик ҳайдовчи"
25 февраль куни тармоқларда ўзбек ҳайдовчининг Донбасс минтақасидан туриб тарқатган видеомурожаати тарқалди.
Россия армиясига қарашли ҳарбий юк машинасини бошқараётганини айтган ўзбек ҳайдовчи видеода Украина шарқига кириб борганини айтади.
Озодлик бу ҳайдовчининг ўзи билан боғланишга муваффақ бўлди. Унинг исми-фамилияси Озодликка маълум. Аммо ҳайдовчининг сўрови ва хавфсизлиги боис бу маълумотлар ошкор қилинмаётир.
Ўзаро суҳбатда у, Россия ҳудудидан Мудофаа вазирлигига тегишли ҳарбий юк машинасини миниб, Лугансккача борганини тасдиқлади.
Айтишича, 3 ойлик шартнома асосида ҳайдовчиликка ёлланган. Бу ишга Россия фуқаролигини олиш, уй-жой билан таъминланиш ва яхши маош учун рози бўлган. Айни иши учун унга ойига 50 минг рубл (тақрибан 590 АҚШ доллари) тўлашади.
Ҳайдовчи бу ишни Россияда юрган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида оммалашган UzMigrant сайти орқали топганини билдирди.
Ҳозирча, Луганск ҳудудида Россия ҳарбийлари билан юрганини билдирган фарғоналик ҳайдовчи масаласида Ўзбекистон расмий идоралари бирор бир расмий баёнот бермади.
Россия элчихонасининг Озодликка билдиришича, элчихонада бу ҳайдовчи ҳақида маълумот йўқ, тафсилотларни ўрганмоқда.
Ўзбекистон Ташқи миграция агентлигининг Москвадаги вакиллиги ҳам, бу фуқаронинг Украина шарқидаги жанговар ҳаракатларга аралашиб қолганидан хабари йўқлиги, эндиликда тафсилотларни аниқлашга уринаётганини билдирди.
Айни пайтда Ташқи миграция агентлиги, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон фуқароларини, ҳеч бир кўринишда Украинадаги жанг ҳаракатларига аралашмаслик, бунинг учун Ўзбекистонда жиноий жавобгарлик борлигидан огоҳлантирмоқда.
UzMigrant ва NorthJobs
Озодликка шахси сир қолиши шарти билан гапирган, Россиядаги ўзбекистонлик блогер шу кунда муҳожирлар орасида, UzMigrant порталига тегишли NotrhJobs ширкати томонидан ўзбекистонликлар шартнома асосида ҳарбий хизматга ёлланаётганини иддао қилди.
Блогерга кўра, NorthJobs - ўзбекистонлик муҳожирлар орасида Россиядан иш топиб бериши, иш берувчи ва муҳожир ўртасида юридик хизмат кўрсатиши билан ном чиқарган ширкатдир.
UzMigrant сайти ва NorthJobs ширкати, асли ўзбекистонлик, сўнгги йилларда Россияда яшаётган юрист Баҳром Исмоиловга тегишли.
Исмоилов YouTube тармоғидаги чиқишида Россия армиясида шартнома асосида хизмат қилиш Россия фуқаролигини 3 ойда олиш имконини бериши ҳақида эълон ҳам берган.
Мана шу эълонидан сўнг айнан ушбу ширкат ўзбекистонликларни ойига 500-600 долларлик маош билан Украина шарқида - ҳайдовчилик, ҳарбий техника сервиси ва гуманитар юк ташиш ишларига ёллаётгани ҳақида маълумот муҳожирлар орасида ёйилган.
Шу мазмундаги иддао, ижтимоий тармоқлардаги баъзи каналларда ҳам пайдо бўлгани кузатилди.
"Биз ҳеч кимни ёлламадик"
Озодлик UzMigrant сайти ва NorthJobs ширкати асосичиси Баҳром Исмоиловга, ўзбекистонликларни Украина шарқида жанг қилишга чақиряпсизми ёки ёллаяпсизми, деган савол билан мурожаат қилди.
Исмоилов, "йўқ", деб жавоб берди:
“Узмигрант бу - ҳуқуқий ахборот хизмати. Биз Ўзбекистон фуқароларини Россияда қабул қилинаётган янги қонунлар хақида бохабар қиламиз ва Ўзбекистон фуқароларига ВНЖ (доимий яшаш ҳуқуқи) ва Россия фуқаролик расмийлаштириш бўйича хуқуқий юридик хизмат кўрсатамиз. Биз ҳеч кимни Украинадаги жанг ҳаракатларига ёлламадик. Бизнинг ҳеч қандай ҳарбий ёки ярим ҳарбий структуралар билан ҳамкорлигимиз йўқ. Бундан ташқари мен North Jobs ташкилотининг асосчисиман. North Jobs бу МДҲ дан бўлган ишчиларга Россиянинг етакчи компанияларида ишга жойлашишни таклиф қилувчи интернет хизмат. Бугунги кунда бу хизмат пандемия туфайли хали ишлашни бошламади. Худо хоҳласа, 2023 йилдан ишга қўямиз”.
Исмоилов шу кунда Украина шарқида урушаётган рус ва украин армияси сафларида, ҳар икки томондан ўзбекистонликлар борлиги ҳақида ўзи ҳам тасдиқланмаган маълумотларга эга эканини қўшимча қилди.
Баҳром Исмоилов ватандошларини огоҳлантириш мақсадида 26 февраль куни махсус видео чиқиш қилганини ҳам илова қилди.
"Ёвга ем қилиш осон"
Ўзбек меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаётган асли ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Валентина Чупик Россия ҳукумати бу йўлда UzMigrant каби порталлардан бевосита ёки билвосита унумли фойдаланмоқда, деган фикрда:
“Украина шарқида қўлга олинган асирларга қаранг! Улар орасида славян кўринишдаги ҳарбийлар оз. Менинг назаримда, Россиянинг шовинист, ирқчи ва нацист ҳукумати, шовқин кам бўлиши, яъни рус оналарининг “груз-200"ни олиб дод солмаслиги учун, кейин фронт чизиғида осонгина ёвга ем қилиш мумкин бўлгани учун ҳимоясиз меҳнат муҳожирларидан фойдаланмоқда. Улар Россия Мудофаа вазирлиги ва хусусий ҳарбий компаниялар томонидан фаол жалб қилинаётган бўлиши мумкин".
Ёлланма жангчилар
Россияда 1998 йилда қабул қилинган “Ҳарбий мажбурият ва хизмат тўғрисида”ги қонун, Мудофаа вазирлигининг чет эл фуқароларини шартнома асосида ҳарбий хизматга ёллашига рухсат беради.
2015 йилда президент Путин хориж фуқаролари бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий ҳолат ҳамда қуролли можароларда иштирок этишига рухсат берувчи фармонни ҳам имзолаган.
Ўтган йил, 29 декабрь куни эса Путин ҳарбий хизматга контракт асосида ишга кирган чет элликларнинг, фуқаролик сўровини кўриб чиқиш муддатини 1 йилдан 3 ойга тушириш кўзда тутилган қонун лойиҳасини Давлат думасига киритган.
Аммо Ўзбекистон қонунчилиги, Ўзбекистон фуқароларининг хорижий давлат армияси сафида хизмат қилиш, контракт асосида ишлаш ёки ёлланиб хизмат қилишни тақиқлайди.
Бунинг учун, Жиноят кодексининг 154-моддасига биноан, 3 йилдан 5 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.
Россиядаги аксар ҳарбий экспертлар ва таҳлилчилар, мамлакат бўйлаб ноқонуний равишда фуқароларни уруш ҳаракатларига ёллаш кампанияси ҳукуматнинг буйруғи билан олиб борилаётганини айтишмоқда.
Россиянинг Украина шарқига ҳужуми арафасида собиқ ҳарбийларни Россия армиясига шартнома асосида ёллаш кампанияси кучайгани кузатилди.
Москва ва Россиянинг турли вилоятларида ҳарбийга мобил ёллаш пунктлари пайдо бўлди. Бу пунткларда ёлланаётган ҳарбийлар ўша кезда кутилаётган Украина шарқидаги жангга жўнатилиши ҳақида маълумотлар берилди.
Можароли "ЧВК"лар
Россияда хусусий тартибда ҳарбий хизматга ёллаш фаолияти Россияда қонун билан тақиқланган.
Хусусий ширкатлар томонидан ҳарбий хизматга ёллаш, ёлланган жангчини ўқитиш ва унга пул тўлаш ёки чет элга жанг ҳаракатларига йўллаганлик учун, Россия Федерацияси Жиноят кодекси 359-моддаси билант 15 йилга қадар қамоқ билан жазоланиши мумкин.
Шунга қарамай, Россияда очилган қатор хусусий ҳарбий тузилмалар номи жамоатчиликка маълум. Булар ЧВК Вагнера, Tiger Rent Security, E.N.O.T. CORP, ЧВК МАР, Cossacks, Moran Security Group каби ширкатлардир.
Уларнинг турли давлатлар, жумладан Украина шарқидаги Донбасс минтақаси, Сурия ва Малидаги жанг ҳаракатларида, Россия Мудофаа вазирлиги позициясидан туриб иштирок этгани ва қўпорувчилик амалиётларини қилганига оид ҳолатлар қайд этилган.
Ҳатто Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, ўтган йили 25 сентябрда БМТда қилган чиқишида, Россияда хусусий ҳарбий ширкат борлиги ва бу ширкатга Мали ҳукумати ёрдам сўраб мурожаат қилганини расман тан олган.
2014 йилда Қримнинг аннексия қилиниши асносида юзага чиққан урушда ҳам, Украина шарқида ҳам россияпараст айирмачилар, ҳам украин ҳарбийлари сафида жанг қилган Ўзбекистон фуқаролари кузатилган.
Шулардан бири Украина Мудофаа вазирлиги қошидаги “Айдар” кўнгиллилар батальони сафида туриб, ўн ойдан бери бўлгинчиларга қарши курашаётган ўзбекистонлик Шавкат Муҳаммад бўлган. Шавкат айирмачиларга қарши ғоявий қарашлари боис, ўз ихтиёри билан курашаётгани ва бунинг ортида ҳеч қандай моддий манфаатдорлик йўқлигини таъкидлаган эди.
Мавзуга алоқадор “Украина учун жангга бутун масъулиятни зиммамга олиб кирганман”