АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 28 февраль куни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари билан Украинадаги урушнинг Марказий Осиёга таъсирини муҳокама қилди.
АҚШ Давлат департаменти сайтида билдирилишича, Блинкен суҳбат давомида Россиянинг Украинага қасддан, сабабсиз ва асоссиз ҳужумини кескин қоралаган ва Украина халқи билан бирдамлигини билдирган.
Давлат котиби Блинкеннинг Твиттерда ёзишича, марказий осиёлик ҳамкасблари билан учрашувларда икки томонлама муносабатларга 30 йил тўлишини эслатган, Қўшма Штатлар Марказий Осиё давлатлари суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаши, C5+1 минтақавий ҳамкорликнинг халқлар учун муҳимлигини таъкидлаган.
Ҳозирча Ўзбекистон ва Тожикистон ташқи ишлар вазирликлари бугунги йиғин ҳақида баёнот бермади.
Қозоғистон ва Қирғизистон баёнотларида Украина масаласи муҳим мавзу бўлгани тилга олинади.
Туркманистон ташқи ишлар вазири муҳокамада иштирок этмаган.