АҚШ Россия учоқларига техник хизмат кўрсатишни тақиқлади

АҚШ Савдо вазирлиги Россия фойдаланадиган 100та тижорий ва хусусий учоқларга техник хизмат кўрсатишни тақиқлади.

Агентлик сайтида хабар қилинишича, ушбу учоқлар санкциялар жорий қилинганидан кейин ҳам экспорт назорати чораларини бузган ҳолда Россияга учишда давом этган.

Пресс-релизда айтилишича, ушбу чоралар Россиядан ва Россияга халқаро парвозларни амалда тўхтатишни назарда тутади.

Рўйхатга "Аэрофлот" ширкатининг 33 та самолёти, шунингдек, "Aviastar TU", "AzurAir", "Nordwind", "Utair" ва "AirBridgeCargo" ширкати самолётлари киритилган.

Учоқлардан бири Европа Иттифоқи ва Буюк Британия санкциялари остида қолган россиялик миллиардер Роман Абрамовичга тегишли.

Аввалроқ, Буюк Британия ҳукумати Абрамовични санкциялар рўйхатига киритганидан сўнг, АҚШнинг бир қанча хеж-фондлари унинг активларини музлатиб қўйганди.

Савдо вазирлиги экспорт қоидаларини бузганларга қамоқ жазоси, жарималар, экспорт ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва бошқа чекловлар қўйилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.