Тошкент ҳарбий учоқ ва вертолётларни Афғонистонга қайтармоқчи эмас

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатга Афғонистон ҳудудидан учиб келган ҳарбий авиатехникаларни Толибонга қайтармоқчи эмас, чунки улар Қўшма Штатлар мулки ҳисобланади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев “Америка овози”га берган интервьюсида маълум қилди.

Жорий йилнинг январида Толибон Ўзбекистон ва Тожикистондан 40 та вертолётни қайтаришни талаб қилган эди. Толиблар мудофаа вазирлиги вакили Иноятулла Хоразмий “ушбу икки мамлакат (Тожикистон ва Ўзбекистон) ҳукуматларига вертолётларни ҳозирги Афғонистон ҳукуматига қайтаришни сўраб бир неча марта мурожаат қилинган”ини билдирган.

Гап ўтган йил августида Толибон ҳаракати иқтидорга келганидан сўнг афғон ҳарбийлари Ўзбекистонга қочиб ўтган 22 учоқ ва 24 вертолёт ҳақида бормоқда. Афғонларнинг яна 18 та авиатехникаси Тожикистонга учиб борган.

Исматулла Эргашев ушбу учоқлар ва вертолётлар учун АҚШ ҳукумати пул тўлаганини айтди.

“АҚШ Афғонистоннинг аввалги ҳукуматини маблағ билан таъминларди. Бинобарин, ушбу авиатехникаларни нима қилиш кераклигига Вашингтон қарор беради. Биз ҳарбий техникаларни АҚШ билан тузилган битимга кўра сақлаб турибмиз ва бу ҳақда Толибонга маълум қилганмиз”, деди Исматулла Эргашев.

АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили “Америка овози” радиосига Ўзбекистон ҳам, Тожикистон ҳам учоқ ва вертолётларни Афғонистонга қайтармоқчи эмаслигини тасдиқлади. Айни чоғда Америка томони авиатехникаларни нима қилиш масаласида ҳануз бир тўхтамга келмаган.