Қозоғистон: Конституцияга ўзгартишлар бўйича референдум 5 июнь куни ўтказилади

Қасим-Жомарт Тоқаев.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласида 5 июнь куни республика референдумини ўтказиш тўғрисида фармон имзолади. Фармон билан бирга “Республика референдуми тўғриси”ги конституциявий қонунга киритилажак ўзгаришлар лойиҳаси ҳам тасдиқланди.

“Конституциявий ислоҳот бутун давлат моделини ўзгартиришга қаратилган. Тузатишлар “суперпрезидент” бошқарув шаклидан кучли парламент ва ҳисобдор ҳукуматига эга президентлик республикасига ўтишни узил-кесил мустаҳкамлайди”, деди Тоқаев 5 май куни халққа мурожаатида.

Апрель ойи охирида Тоқаев Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдум ўтказиш таклифи билан чиққан эди.

“Республика референдуми тўғриси”ги конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасида Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг мақоми масаласини референдумга қўйишни тақиқловчи норма чиқариб ташланди.

Лойиҳанинг янги таҳририда “давлат мустақиллигини, унитарлигини ва ҳудудий яхлитлигини, бошқарув шаклини, республика фаолиятининг тамал принципларини ўзгартириш” масалалари референдумга қўйилмаслиги белгилаб қўйилди.

Қонунга жами 56 та ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Конституцияни ўзгартириш ташаббуси Қасим-Жомарт Тоқаевга оид бўлиб, у март ойида халққа мурожаатномасида бу ҳақда маълум қилган эди.

Конституциявий судга кўра, президент ташаббуси “сиёсий тизимни сезиларли даражада ўзгартиради”. Аммо айрим мустақил экспертлар Тоқаев бошлаган ислоҳотларни “енгил пардоз” деб аташмоқда.