Муҳаммад Матжон, журналист

Россия босқини: Гапириш фурсати

Россиянинг Украинага расман эълон қилинмаган уруши ҳозирнинг ўзида ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Путин Украинага тажовузни уруш эмас, балки "махсус ҳарбий амалиёт" деб атаган ва рус матбуотида "уруш" сўзини расман тақиқлаган.

Ўзбекистон ҳукумати бу борада "нейтрал" позицияни эгаллаган; расмий баёнотларда фақат "Украинадаги вазият" ҳақида сўз боради.

Аммо СССР парчаланиши арафасида фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, мустақиллик учун курашган ўзбек зиёлилари-чи? Улар Украинадаги уруш ҳақида қандай фикрда? Урушнинг Ўзбекистон ва минтақа учун оқибатлари қандай бўлади?

Озодлик ўзбек зиёлиларининг бу борадаги фикрларини сўради.

"Путиннинг суверен Украинага босқини ҳуқуқий асосга эга бўлмаган, 2-жахон урушидан кейинги энг мудҳиш ҳарбий жиноят ўлароқ баҳоланиб, суд қилиниши кутилаяпти.

Путиннинг юзсиз пропогандаси ва унинг бахтсиз қурбонлари қанчалар ҳақиқатни булғамасин, Россия мағлубият ҳамда яккаланишга, балки парчаланишга маҳкумдир ва келажакда босқинчи давлат сифатида эсланади.

Путиннинг Украинага уруш очиш қарорига на ҳалқи, на парламенти қарши чиқди.

Сиёсий ҳуқуқ ва эркинликлари учун курашмаган, Путинни диктаторга айбланишига қўйиб берган Россия халқи, барча шундай халқлар каби бадалини узоқ йиллар ўтайди.

Путин империализми ва авторитар марионеткаларига қарши ўн йиллардан бери курашиб келаётган Украин ҳалқини яқин келажакда ҳалқаро эътироф ва қўллов, янгиланиш ва юксалиш кутиб турибди.

Авторитар режимлар исканжасида қолаётган, ҳуқуқ ва эркинликлари чекланиб, ишсизлик ва қашшоқликдан азият чекаётган Марказий Осиё ҳалқлари Путиннинг кетиши билан ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиб қолиши ҳақидаги пуч умидларга эмас, озодликка лойиқ халқ эканлигини амаллари билан исботлаган украинлардан сабоқ чиқариши керак деб ўйлайман".