Шарифа Мурод, журналист

"Уруш- бу очлик, уруш- бу етимлик, уруш- бу ногиронлик, уруш- бу бир сўз билан айтганда катта ИЗТИРОБ. Бу шундай изтиробки, одамлар йиллар давомида унинг азобини ҳис қилаверадилар, уруш оғриқлари авлоддан авлодга отадан болага, боладан набирага ва шу тариқа етти-саккиз, балки кўпроқ авлодга ўтиб бораверади.

Россия босқини: Гапириш фурсати

Россиянинг Украинага расман эълон қилинмаган уруши ҳозирнинг ўзида ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Путин Украинага тажовузни уруш эмас, балки "махсус ҳарбий амалиёт" деб атаган ва рус матбуотида "уруш" сўзини расман тақиқлаган.

Ўзбекистон ҳукумати бу борада "нейтрал" позицияни эгаллаган; расмий баёнотларда фақат "Украинадаги вазият" ҳақида сўз боради.

Аммо СССР парчаланиши арафасида фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, мустақиллик учун курашган ўзбек зиёлилари-чи? Улар Украинадаги уруш ҳақида қандай фикрда? Урушнинг Ўзбекистон ва минтақа учун оқибатлари қандай бўлади?

Озодлик ўзбек зиёлиларининг бу борадаги фикрларини сўради.

Бизнинг авлод урушни фақат киноларда кўрган, китобларда ўқиб катта бўлган. Аммо юрагимизда уруш даҳшатлари ҳалиям кезиб юрибди. Уруш- бу келинойимнинг дадасининг оёғида қолган ўқ парчаси, уруш- бу мактабдаги тарих ўқитувчимизнинг Афғонистондан ўқ еб келиб, жинни бўлиб қолган турмуш ўртоғи, уруш- бу 90 йилларда Тожикистондан қочиб келиб, бизникида яшаган, дадасидан айрилган Зарема.

Мен урушнинг сиёсий, иқтисодий томонларини гапирмоқчи эмасман. Чунки бу ҳақда мутахассислар, сиёсатчилар, ва таҳлилчи бўлмаганлар ҳам уда кўп ва хўп гапиришди.

Мен уруш ёмон деб болаларча фикрлаётгандирман. Ва мана шу болаларча фикримда қоламан.

Нега 21 асрда уруш бўлиши керак? Нега илм-фан, техника, замонавий технологиялар ривожланган паллада уруш бўлиши керак? Нега барча дунё халқлари тинчлик ва омонлик истаётган пайтда уруш бўлиши, болалар ва катталар қони тўкилиши, болалар отасиз, оилалар уйсиз ва инсонлар ватансиз қолиши керак? Негадир шу саволларни ўйлайвераман.

Балки қачонлардир одамлар бир-бирини тушунмаган, тил топиша олмаган пайтда урушиб баъзи масалаларни ҳал қилиб олгандир. Лекин бугун ҳамма ақлли ва доно, давлат раҳбарлари ҳам камида уч-тўртта тилни мукаммал биладиган дунёда уруш бўлиши бу одамзот учун уятли ва шармандали ҳолатдир.

Мени ким қандай тушунса тушунаверсину, ҳозирги кунда уруш олиб бораётган давлат раҳбарларини ақлдан озган, жинни бўлиб қолган деб ҳисоблайман. Агар уларнинг руҳияти бузилмаганида, ёки бўлмаса ақлдан озмаганида, ақли жойида бўлганида урушни бошламаган бўларди.

Уларга нима етмайди? Ахир уруш ғолибга ҳам, мағлубга ҳам яхшилик келтирмайдику.

Мен Россия ва Украинада бўлаётган урушни қоралайман. Европанинг энг ривожланган мамлакатлари қаторида турадиган икки давлатнинг урушиши фақатгина ўз халқига қилаётган зулми ҳисобланади.

Россиялик оддий халқ солиқлари ҳисобидан қуролланган ва таъминланаётган ҳарбийлар ўз халқига зулм қилмоқда. Украинлар ҳам шундай. Лекин кўпроқ Россияни қоралайман. Негаки у бировнинг юртига, бошқа бир миллатнинг она заминига қурол ушлаб кирди.

Яна кўп гапларни айтиш мумкин. Мазлум Украин халқи хаққига дуо қилиш ва тезроқ бу уруш тугаб, барча тинч ҳаётга қайтишини тилашдан бошқа иш қўлимиздан келмаслиги бизни янада кўпроқ маҳзун қилади.

Дунё тинч бўлишини, инсоният қонида уруш деган даҳшатли сўзнинг гени чиқиб кетишини жуда-жуда истайман. Минг йиллар ўтар, балки юз йил ўша даврда яшаган одамлар лексемасида уруш деган сўз қолмаслигига ишонгим келади".